“О, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...”
Тарихни ёшлар ёзади
Бугун ҳар бир ватандошимиз қалбидан шу истак ўтаётган бўлса ажабмас. Сабаби, мамлакатимиз ёшларига қаратилаётган эътибор бу қадар юксакларга чиқмаган эди.
Давлатимиз раҳбарининг Ёшлар билан навбатдаги мулоқоти ҳам Ватан келажаги ёшлар қўлида эканлигига яна бир урғу бўлди. Бу учрашув шунчаки расмий тадбир эмас, балки очиқ мулоқот ва келажак режалари муҳокамаси сифатида ўтди. Президентимиз ўз нутқида ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, энг ишончли таянчи эканини алоҳида таъкидлади. У киши ёшларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунар эгаллаши, ташаббуслари қўллаб-қувватланиши давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини қайд этди.
Юртбошимиз ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ёшлар куни” сифатида эътироф этилаётгани бир кунлик шиор эмас, балки тизимли эътибор ифодасидир. Ҳар ҳафтанинг маълум бир куни ёшлар муаммолари, таклифлари ва лойиҳаларига бағишланиши давлат ва жамият ўртасидаги масофани қисқартиради. Бу эса ёшларнинг овози эшитилаётганини, уларнинг фикри қадрланаётганини англатади.
Мулоқот давомида ёш тадбиркорлар, талабалар, ижодкорлар ва стартап эгалари ўз ғояларини бевосита етказиш имконига эга бўлди. Энг муҳими, муаммолар яширилмади, аксинча, уларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Давлатимиз раҳбари 22 миллиондан зиёд ёшларимиз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканини таъкидлади. Бу ёшлар учун шунчаки мақтов эмас, юрт равнақи йўлида хизмат қилиш учун катта масъулият эканлигини ҳам билдиради.
Учрашувда жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш, 221 та бронза медаль қўлга киритилгани, ТОП университетларда ўқиётган ёшлар сонининг ортгани, 63 та стартап лойиҳасининг халқаро бозорларга киргани, ёш спортчиларимизнинг 720 та олтин, 671 та кумуш, 854 та бронза медаль олгани, ёш тадбиркорлар бизнес вакилларининг 35 фоизини ташкил этаётгани қайд этилиб, ёшларга яратилаётган шароитлар реал натижага айланаётгани таъкидланди.
Ёшлар бандлигини таъминлаш учун ўтган йили 400 миллион доллар йўналтирилгани, энди ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши эълон қилинди. Кредит лимитлари кенгайтирилиши, “Келажак тадбиркори” дастури орқали 7 йилгача 15 фоизли кредитлар, гаровсиз ссудалар, йирик лойиҳалар учун 10 миллиард сўмгача кредит механизмлари берилиши ёшларнинг ғоясини иқтисодий фаолиятга айлантиришга хизмат қилади.
Мулоқотда ижтимоий ташаббуслар бўйича “Фикрингни бер” инклюзив оромгоҳи тажрибаси кенгайтирилиб, уни ҳар бир ҳудудда ўтказиш ва 1 минг нафар ёшни қамраб олиш, энг яхши ташаббуслар иштирокида Самарқанд шаҳрида Халқаро инклюзив ёшлар оромгоҳини ташкил этиш вазифаси белгилангани, “Ўсиш ва ривожланиш” лойиҳаси доирасида бу йил медиа, дизайн, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш ва инновация йўналишларида ҳам танлов ўтказилиши, энг яхши 40 та стартапни молиялаштириш учун 2 миллиард сўм ажратилиши, техникумларда таълим дастурларини иш берувчилар талаби асосида янгилаш, дуал таълимнинг қамровини кенгайтириш, моддий-техник базани яхшилаш бўйича вазифалар белгилангани, техникумларга ҳам олийгоҳлар каби “spin-off” очишга рухсат берилиб, ўқувчиларнинг стартап лойиҳаларига 1 миллиард сўмгача ажратилиши, жорий йилдан техникум ўқувчилари учун ҳам “Ишла ва саёҳат қил” дастури асосида 6 ой хорижда ишлаб, қўшимча даромад топиш имконияти яратилиши ёшлар томонидан катта олқишлар билан қарши олинди.
Бу учрашувда ёшларнинг руҳи кўтарилди, ўз мақсадлари ва ташаббусларига ишончи ортди. Энг муҳими, улар ёлғиз эмаслигини, ортида мустаҳкам давлат, қатъий сиёсат ва Президент турганини ҳис қилди.
Давлат раҳбари билан навбатдаги мулоқот ёшларнинг қалбида “менинг овозим эшитилмоқда” деган ишончни янада мустаҳкамлади. Ёшлар ўз лойиҳалари, стартаплари, илмий изланишлари ёки ижодий ғоялари давлат миқёсида қўллаб-қувватланаётганини кўриб, янада дадил бўлмоқда. Энди ёшлар янада катта ташаббусларни амалга оширишга бел боғлайди.
Бу учрашув яна бир ҳақиқатни тасдиқлади: Янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида ёшлар томошабин эмас, балки фаол иштирокчи ҳисобланади. Уларнинг энергияси, янгича фикрлаши ва ташаббускорлиги мамлакат тараққиётининг асосий драйверига айланмоқда. Президентимиз айтганидек, тарихни ёшлар ёзади.
Аҳрор Равшан, журналист