Оқработ узумларининг сири нимада?
Қарши шаҳридаги деҳқон бозорини айланар эканман расталарда бир қарашда кўзга ярқ этиб ташланадиган узумлар эътиборимни тортди.
Қарши шаҳридаги деҳқон бозорини айланар эканман расталарда бир қарашда кўзга ярқ этиб ташланадиган узумлар эътиборимни тортди.
– Узумларингизнинг нархи қанча?
– 10 минг сўм.
– Нега бунча қиммат, – сўрайман сотувчидан.
– Ака, бу Оқработнинг узумлари-да. Унинг сифати ҳам, таъми ҳам бошқача. Ишонмасангиз татиб кўринг. Ёқмаса пулини олмаймиз.
Узумлардан татиб кўрдим. Таъми оғзимда қолди.
– Бу узумлар кимнинг боғидан келтирилган, – яна сўрайман ундан.
– Албатта, Қўчқор бобонинг боғидан-да. Оқработда у кишига етадигани йўқ...
Ички бир қизиқиш бизни ўша манзил сари чорлади. Хуллас, фотомухбир билан йўлга отландик.
Қўчқор бобо Кўчимовнинг ҳовлисига кириб борганимизда бозорга чиқариш учун узумлар узилиб, тоғораларга жойланаётган экан. Танишувдан сўнг уста боғбон бизни мўъжазгина токзори билан таништирди. Ҳовли дарвозасидан киришингиз билан узумзорга кириб қолгандек бўласиз. Деҳқонбобо бир қарич ер топса ҳам узум эккан. Ток новдаларида марвариддек, шиғил узум бошлари баргидан кўпдек.



– 80 сотихлик томорқада узумзор ташкил қилганмиз, – дейди Қўчқор Кўчимов. – Айримларининг экилганига 30 йилдан ошган. Асосий қисми Ҳусайни нави. Боиси ушбу нав касалликларга чидамли ва серҳосил бўлади. Бугунги кунда уларнинг ҳар биридан 80 килограммгача ҳосил оламиз. Бу ерга кўчиб келганимизда атрофимиз қуп-қуруқ кенгликлар эди. Одамнинг қўли гул бўлади, деб шуни айтадиларда. Мана ҳамма томонимиз боғ-роғ бўлиб кетди. Фарзандларим менга асосий кўмакчи. Деҳқончилик ортидан уларни ўқитдим, уйли-жойли қилдим. Ҳозир кенжа ўғлим билан бирга турамиз. Биз энди қаридик. Асосий меҳнатни ўғлим бажаради. Биз дуо қилиб турамиз-да.
Узумчиликда юқори самарадорликка эришиш учун меҳнаткашлик билан бирга катта тажриба ҳам керак. Боиси токларни парваришлашда керакли агротехник тадбирлар вақтида ва сифатли бажарилмаса, кутилган натижага эришиб бўлмайди. Боғбоннинг таъкидлашича, ер токдан кўра, вайишларга тортилган токлар кўпроқ ҳосил беради. Шу туфайли 80 сотих томорқадаги токларнинг барчаси бир-бирига қарама қарши қилиниб, вайишларга тортилган.
– Отам бошлаб берган ишни давом эттириб кам бўлаётганимиз йўқ, – дейди Элёр Кўчимов. – Кузда ҳар бир токнинг пуштасига 3 килограммдан аммафос ва бир ғалтакдан чириган гўнг солиб, тагини ағдариб чиқамиз. Кейин кўмилади. Эрта баҳорда яна вайишларга тортилади. Хуллас ёз бўйи тагидан чиқмаймиз. Ишимиз шу. Хомток қиламиз, суғорамиз, дорилаймиз, қушлар ва ҳашаротлардан ҳимоя қилиш учун устига тўр тортамиз. Шуни ортидан уй-жой қураяпмиз, машина минаяпмиз.
– Йилига қанча даромад қиласиз, агар сир бўлмаса, – сўрайман ундан.


– Меҳнатимизга яраша даромадимиз ҳам ёмонмас, – дейди Э.Кўчимов. – Масалан, томорқамизда 650 туп ток бор. Уларнинг ҳар биридан ўртача 25-30 килограммдан ҳосил олганимизда ҳам 20 тоннага яқин узум бўлади. Ҳозир 6,5 минг сўмдан 8-10 тоғора кўтара сотаяпмиз. Шукр, бу йил ҳосилимиз чўғи ёмонмас. Бундан ташқари, жорий йилда 15 сотих майдонда иссиқхона ҳам барпо қилдик. Синов тариқасида помидор экдик. Насиб этса кейинги йилдан у ҳам даромад бера бошлайди. Биласизми, деҳқончилик ҳаётимнинг ажралмас қисми бўлиб қолган. Ерга меҳримни берганман. Шаҳарнинг диққинафас кўчаларида бир кунда зерикиб қоламан. Уйга келгач боғларимни бир айлансам, унинг тоза ҳавосидан нафас олсам чарчоқларим чиқади.
Меҳнат, меҳнатнинг таги – роҳат, дея бежиз айтишмаган доно халқимиз. Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани Оқработ қишлоғи бир пайтлар ястаниб ётган даштликлардан иборат бўлган. Қишлоқнинг соҳибкор деҳқонлари меҳнати туфайли узумчиликда эришилаётган юксак натижалар эвазига Оқработ қишлоғининг донғи бутун республикамизга ёйилмоқда. Қишлоқда Қўчқор бобо каби тажрибали деҳқонлар талайгина. Қайси хонадонга кирманг серҳосил токзорларнинг гувоҳи бўласиз. Биргина узумчилик ортидан қишлоқ аҳолисининг турмуши фаровон, дастурхони тўкин.