Оҳангаронга Нидерландиядан наслли моллар олиб келинмоқда
Тошкент вилояти Оҳангарон туманига Нидерландиядан 61 бош наслли қорамол олиб келинди.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманига Нидерландиядан 61 бош наслли қорамол олиб келинди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда. Қайд этилишича, наслли моллар тумандаги қорамолчиликка ихтисослашган “Қурама қорабайирлари” масъулияти чеклаган жамияти ташаббуси билан олиб келинган ва шу ойнинг охирига қадар чет элдан яна 600 бош зотдор қорамол олиб келиш режалаштирилган.
41 миллиард сўм қийматга эга бўлган ушбу лойиҳа асосида қорамолчиликка асосланган комплекс барпо этилиб, йилига 9 минг тонна сут, 86 тонна гўшт етиштириш кўзда тутилган.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, туманда 23 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, шундан 13 таси қорамолчиликка ихтисослашган. Мазкур лойиҳалар доирасида туманга 44 минг 500 бош қорамол олиб келиниши белгиланган.
Маълумотларга кўра, мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида туман чорвадорлари томонидан 10 минг 528 тонна гўшт, 98 минг 115 тонна сут, 180 тонна жун етиштириш имкони туғилади. 1 минг 700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Шунингдек, озуқа базасини ривожлантириш мақсадида мазкур лойиҳаларга 7 минг 683 гектар суғориладиган ер майдони, 55 минг 810 гектар лалми, пичанзор ва яйловлар ажратилади.