Нуротада миллий каштачилик маркази барпо этилмоқда
Нурота туманида асрлар давомида шаклланган миллий каштачилик анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва кенг тарғиб этиш мақсадида “Нақшлар ва нурлар” миллий каштачилик маркази қурилиши бошланди.
Мажмуа Халқ банкининг 14,4 миллиард сўм маблағи ҳисобидан барпо этилади. Унда Нуротанинг бой каштачилик анъаналарини намойиш этиш, маҳаллий ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Бу ерда миллий ҳунармандчилик намуналари билан танишиш, маҳаллий усталар ижоди ва анъанавий каштачилик жараёнини кузатиш имконияти яратилади. Шунингдек, янги масканда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини ошириш режалаштирилган.
Марказда “Устоз-шогирд” анъанасини давом эттиришга кенг имконият яратилади.

Энг муҳими, “Нақшлар ва нурлар” маркази Нуротанинг миллий ҳунармандчилик меросини асраб-авайлаш билан бирга, уни замонавий туризм ва тадбиркорлик имкониятлари билан уйғунлаштириб, ҳудуднинг иқтисодий ва маданий ҳаётида янги нуқталардан бирига айланиши кутилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири