Нуронийларнинг умрига умр қўшиб
Кексаларга эҳтиром кўрсатиш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборидаги масаладир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида муҳтарам отахон ва онахонларимиз, меҳнат фахрийларининг ҳаётини мазмунли ва файзли қилиш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш, соғлиғини мустаҳкамлаш бўйича бошлаган ишларимизни янада кучайтиришимиз зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бу борада қатор савобли ишларни амалга оширмоқда. Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳар йили 1 ноябрдан 30 ноябрга қадар “Кексалар учун туризм ойлиги” этиб белгиланган.

Қарор ижросини таъминлаш, кекса ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тегишли чора-тадбирлар Дастури белгиланди. Ҳудудий бошқармалар томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан ҳудудларда истиқомат қилаётган 83 минг 265 нафар I-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексаларнинг 580 нафари саёҳат қилиш истагини билдирган. Уларнинг рўйхати шакллантирилиб, тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан вазирлик ва идораларнинг туризм ойлигида кекса ва ногиронлар учун чегирмалари ва турли имтиёзлари тақдим этилди.
Жумладан, жорий йилда ҳам ойликни муносиб тарзда ўтказиш, кекса саёҳатчиларнинг дам олишларини мароқли ташкил этиш, бу орқали ички туризмни ривожлантириш ҳамда пандемия шароитидан келиб чиқиб, саёҳат даврида нуронийларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида юртимиздаги 210 та меҳмонхона ва меҳмон уйи хизматлари ва 115 та умумий овқатланиш жойларидаги хизматлар учун ихтиёрий чегирмалар жорий этилди.
Юртимиз ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилиш истагида бўлган 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексаларга, 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан 25 фоиз, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 10 фоиз ва “Uzautotrans Service” МЧЖ томонидан маҳаллий йўналишларда қатновчи автобус чипта нархларига 10 фоиз чегирмалар тақдим этилди. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан барча зиёратгоҳ ва қадамжоларга кекса ёшдаги фуқаролар учун кириш бепул этиб белгиланди.
Маданият вазирлиги томонидан тасарруфидаги театрларга нуронийлар учун имтиёзли билетлар ташкил этилди. Шу билан бирга Туризм ва спорт вазирлиги томонидан 14 та ҳудуд бўйича зиёратгоҳлар ва қадамжоларни ўзаро боғлаган ички туризм саёҳат дастурлари ишлаб чиқилди.
Белгиланган чора-тадбирлар асосида барча ҳудудларда нуронийларимизнинг саёҳатларини уюштириш, маънавий-маърифий ва бошқа хайрия тадбирлари ташкил этилмоқда.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексаларни ижтимоий ва маънавий қўллаб-қувватлаш юзасидан тизимли ишлар бажарилмоқда.
Мамлакатимизда жами 83 минг 265 нафар 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган уйида ётиб қолган кексаларнинг 4 минг 184 нафаридан, шифохонада даволанаётган 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексаларнинг 1 минг 608 нафари ҳолидан хабар олиниб, керакли дори-дармон воситалари билан таъминлаб берилди.
Шунингдек, уйида ётиб қолган 2 минг 376 нафар якка ёлғизлар, шифохонада даволанаётган 706 нафар якка ёлғизлар ҳам керакли дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Бундан ташқари 3 минг 445 нафар якка ёлғиз ва 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар хонадонларида ҳашар ўтказилди.
Нуронийларнинг саёҳатларини ташкил этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар юзасидан ўтган вақт давомида юртимиз ҳудудида жами 48 минг 857 нафар кекса авлод вакилларини Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон боғи”га ҳамда вилоят марказларидаги зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжоларга саёҳатлари уюштирилиб, уларнинг 669 нафарини 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар ташкил этади.
“Янги Ўзбекистон боғи”га 2 минг 458 нафар нуронийлар, вилоят марказларидаги музейлар, зиёратгоҳлар ва қадамжоларга жами 15 минг 313 нафар ҳамда ички туризм доирасида 31 минг 86 нафар кекса авлод вакилларини саёҳатларга жалб этилди.
Ойлик доирасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар юзасидан ҳам кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Кекса авлод вакилларининг умрларини узайтириш, соғлиқларини тиклаш ва дори-дармонсиз узоқ умр кўришлари учун ҳар бир маҳаллаларда 8 минг 657 маротаба “Саломатлик учун беш минг қадам” шиори остида жами 463 минг 831 нафар кексаларга пиёда юриш марафонлари ташкиллаштирилди.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистонни барпо этишда нуронийларнинг ўрни”, “Эҳтиром, эъзоз, эътибор” номи остида концерт дастурлари ўтказилди. Бундан ташқари “Саховат” ва “Мурувват” уйларида истиқомат қилаётган нуроний отахон ва онахонлар учун жами 144 маротаба тадбирлар ўтказилиб, уларга ҳомийлар томонидан зарур бўлган дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
Тадбирлар мамлакатимизда ўрнатилган карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда юртимиз ҳудудидаги барча маҳаллаларида давом этмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА