Нуронийларга моддий ёрдам кўрсатилди
“Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Амударё тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими вакиллари тумандаги якка-ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва уйда ётиб қолган нуронийлар ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ёрдам кўрсатди.
– Мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият, маҳалла ва оилаларда тинчлик, осойишталик, мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимиз, анъаналаримизга содиқлик руҳида тарбиялашдаги ролини янада оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Амударё туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи маслаҳатчиси Баҳодир Болтабоев. – Шунингдек, давлатимиз томонидан якка-ёлғиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Тумандаги якка-ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва уйида ётиб қолган 15 нафар нуронийнинг ҳар бирига 300 минг сўмдан пул маблағи топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА