Нуронийлар маслаҳати ҳар қадамда асқотади
Кексаларни эъзозлаш, улар ҳолидан хабардор бўлиш, дуосини олиш халқимизга хос эзгу қадриятлардан саналади.
Кексаларни эъзозлаш, улар ҳолидан хабардор бўлиш, дуосини олиш халқимизга хос эзгу қадриятлардан саналади.
Эътиборлиси, сўнгги йилларда бу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланиб, нуронийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш борасидаги хайрли амаллар кўлами янада кенгайди.
Айниқса, кексаларнинг ҳаёт даражаси ва турмуш тарзини янада яхшилаш, улар саломатлигини муҳофаза қилиш, ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан пойтахтимизнинг Бектемир тумани «Мажнунтол» маҳалласида «Нуронийлар жамоатчилик кенгаши» ва маҳалла фуқаролар йиғини «Кексалар маслаҳати» гуруҳи аъзолари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ана шу жиҳатларга яна бир бор тўхталиб ўтилди.
Тадбирда бугун жамиятимизда кечаётган жараёнларда туманда истиқомат қилаётган 6000 нафардан зиёд нуронийларнинг фаоллигини ошириш, айниқса, маҳаллалар ва оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, ажримлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли бандлигини таъминлашда уларнинг ролини янада кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан фарзандларимизни ватанпарварлик руҳида камол топтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш, билим ва қобилиятларини юзага чиқариш борасида алоҳида намуна бўлган нуронийларга «Фахрий мураббий» давлат мукофоти таъсис этилгани, «Фахрий мураббий» орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти ҳамда номзодларга қўйилган талаблар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Шундан сўнг, «Мажнунтол» маҳалласида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийлар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ўзгалар кўмагига муҳтож инсонлар, жумладан, имконияти чекланган ва ётоқ ҳолдаги кекса беморлар шифокорлар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Кўрик давомида шифокор назоратига доимий муҳтож фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, 2 нафар нуроний стационар даволанишга ётқизилди.
Шу билан бирга, мамлакатимиздаги эпидемик вазиятни яхшилаш, аҳоли ўртасида ушбу хавфли хасталикни кенг тарқалиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари томонидан ишлаб чиқилган «Коронавирус инфекциясига чалинган ва уларнинг хонадонларида карантин тадбирларини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги Қўшма Қарор ва унинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш, коронавирус инфекциясига чалинган ёки гyмон қилинган шахсларнинг хонадонларида карантин тадбирларини ташкил этиш бўйича ушбу маҳаллада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.

Бундан ташқари, маҳалладаги муаммоли ва низоли оилаларда маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилада камол топаётган фарзандларни соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишини таъминлаш мақсадида 4 нафар оила маҳалладаги 4 нафар фаол нуронийга васийликка бириктирилди.
Шунингдек, аҳоли ўртасида карантин қоидаларига қатъий риоя этиш, бугунги пандемия шароитида бозорларда, дорихоналарда нарх-навонинг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик юзасидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, аҳолининг карантин пайтида озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларига бўлган эҳтиёжини бир меъёрда таъминлаш мақсадида туман «Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари» ва «Мажнунтол» маҳалла фуқаролар йиғини «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари аъзолари томонидан тумандаги 2 та дорихона ва 2 та озиқ-овқат дўконида ўрганишлар ўтказилди.
Мазкур тадбир давомида дорихона ва савдо дўконларида харидорларнинг истимасини ўлчаш, ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш каби карантин қоидаларига қатъий риоя этишларини таъминлаш, нархларни сунъий оширмаслик ҳолатлари ўрганилиб, бу борада тадбиркорларга зарур тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга, пандемия даврида аҳоли, айниқса, кексалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, маҳаллаларда кексаларнинг жисмоний фаоллигини ошириш бўйича «Саломатлик учун 5 минг қадам!» шиори остида тумандаги «Абай» маҳалласи ҳудудидаги баҳаво ҳудудда карантин қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда нуронийлар иштирокида пиёда юриш тадбирлари ташкил этилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш
вазирлиги Матбуот хизмати