Нуроний отахонларга давлат мукофотлари топширилди
101 ёшни қаршилаган Турғун ота Маликов Ўзбекистон тумани Дашт-чўлпон маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами арафасида отахон Президентимиз фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда фаоллар ушбу хонадонда бўлиб, отахонга давлат мукофотини яқинлари даврасида топширдилар.

Самимий суҳбат чоғида отахон босиб ўтган ҳаёт йўли, бошдан ўтказган қийинчиликлари ва бугунги тинч-осойишта кунлар қадри ҳақида сўзлади.
Катта Фарғона канали қурилишида фаол иштирок этган, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган Турғун ота 7 ўғил, бир қизни вояга етказди. Ҳозирда эса 120 нафардан зиёд набира ва эваралари қуршовида бахтли умргузаронлик қилаётган отахон яна бир бор юртга тинчлик, элга хотиржамлик тилаб дуога қўл очди.

Вилоят ҳокими Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи вилоят нуронийлар жамоатчилик кенгаши фаоли Нўъмонжон ота Мўминов хонадонида ҳам бўлди. Халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилган, раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борган, беш нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган ва бугун кексалик гаштини сураётган ота ҳам байрам арафасида “Дўстлик” ордени билан тақдирланган эди. Юксак мукофот ва эътироф ўз эгасига етказилди.
Мукофотланганлар давлатимиз раҳбарига кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирдилар.

М.Сулаймонов, ЎзА