Бухоро вилояти Когон туманидаги “Ўба Чўли” маҳалла фуқаролари йиғинида 4-сектор ишчи гуруҳи, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирокида хайрли ташаббусга қўл урилди.
Эътиборлиси, давлат раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ушбу бирдамлик натижасида маҳалла ҳудудидаги 50 сотихдан зиёд қаровсиз қолдирилган ер майдони боғу-бўстонга айланадиган бўлди.
Вилоят 4-сектор раҳбари, туман мутасаддилари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари ҳамроҳлигида 500 тупдан ортиқ манзарали ва мевали кўчатлар экилган бу жойга ҳашарчилар бир овоздан “Нуроний отахон ва онахонлар” боғи деб ном беришди. Қувонарлиси, бундай хайрли ишни қўллаб-қувватлаган кекса авлод вакиллари ҳам шу куни ёшлар билан елкама-елка туриб турли хилдаги мевали кўчатларни яхши ниятлар билан ерга қадашди.
Кўчат экиш ишлари байрам тадбирига уланиб кетди. Ҳашардан сўнг байрамона дастурхон ёзилиб, шу ерлик аҳоли учун ош тортилди.
Зариф Комилов,
ЎзА