Бухорода Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги мусобақаларининг футбол бўйича вилоят босқичи якунланди.
“Миллионлар ўйини”нинг финал учрашувида Олот туманининг “Нуробод” ва Когон туманининг “Хўжа Якшаба” маҳалла фуқаролар йиғинлари жамоалари майдонга тушди. Муросасиз беллашувда 1:0 ҳисобида зафар қучган нурободликлар бош соврин соҳибига айланди. Натижада ДХХ кубогининг Республика босқичи йўлланмасини қўлга киритди.
Учинчи ўрин учун кечган ўйинда Бухоро туманининг “Қавола Маҳмуд” маҳалласи ёшларидан пенальтилар сериясида 5:4 ҳисобида устун келган Пешку туманининг “Қорақалпоқ” МФЙ жамоаси ҳам совриндорлар қаторидан жой олди.
Мусобақа якунида ДХХ кубоги ғолиб ва совриндорларини тантанали тарзда тақдирлаш маросими бўлди. Махсус кубоклар ва медалларни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва бошқа мутасаддилар ўз соҳибларига топширди.
Тадбир республикамиз санъат ва сўз усталарининг концерт дастурига уланди.
Маълумот учун, ДХХ кубоги мусобақасининг туман(шаҳар) босқичи вилоятда жорий йилнинг 5 апрель санасидан 15 апрелга қадар ўтказилди. 544 та маҳалла фуқаролар йиғинида 18-30 ёш оралиғидаги ёшлардан иборат 544 та жамоа 107 та гуруҳга бўлинди. Мусобақа иштирокчилари вилоятнинг 67 та майдонда туп сурди. Шаҳар ва туманларнинг 4 та ҳудудлари кесимида ҳар бир маҳалла ёшларидан ташкил топган жамоалар ғолиблик учун баҳслашди. Сўнг ҳудудлараро мусобақа ўтказилди.
Мусобақа уюшмаган, кам таъминланган, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва хорижий мамлакатларда ишлаб келиб, ҳозирги кунда ишсиз бўлган ёшлар ҳамда имконияти чекланган фуқаролар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш, мини-футбол, футбол ва шахмат спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни аниқлашда муҳим ўрин тутади.
Зариф Комилов,
ЎзА