Нурафшонлик ўқувчилар ғолиб бўлди
Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ўқувчиларда нотиқлик санъати ва саҳна маданиятини шакллантириш, таълим муассасаларидаги ёшлар театр студиялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятини ривожлантириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шунга асосан Юқори Чирчиқ туманида “Турон” мактаб театри Республика танловининг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди. Унда барча туман-шаҳарлардан қатнашган 22 та ижодий жамоа ўз маҳоратини синовдан ўтказди.

Мактаб ўқувчилари ўртасида “Турон” мактаб театри Республика танлови жойлардаги минглаб ёшларни бирлаштирди. Ёшлар саҳналаштирган асарлар, ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Устоз санъаткорлар томонидан ёшларга тавсиялар берилди.

Ҳакамларнинг якуний хулосаларига асосан биринчи ўринни Нурафшон шаҳридаги 1-мактабнинг театр жамоаси эгаллади. Иккинчи ўрин Ангрен шаҳридаги 13-мактаб театр жамоасига, учинчи ўрин Ўрта Чирчиқ тумани 3-мактаб театр жамоасига насиб этди.

Эндиликда нурафшонлик ёшлар танловнинг республика босқичида қатнашади.
А.Мусаев,ЎзА.