Нурафшонда бунёдкорлик ишлари авжида
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри марказини Ўрта Чирчиқ тумани билан боғловчи Бобур кўчаси тубдан янгиланяпти.
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри марказини Ўрта Чирчиқ тумани билан боғловчи Бобур кўчаси тубдан янгиланяпти.
Қурилиш ишларига Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудий йўллардан фойдаланиш корхонасининг 50 дан ортиқ техника ва 200 нафарга яқин ишчи-хизматчилари жалб этилган. Нурафшон шаҳридан ўтувчи марказий кўчада 172 та бино ва иншоот қад кўтариши режалаштирилган бўлиб, ҳозир уларнинг 36 тасида бунёдкорлик ишлари давом этяпти.
Канализация тизими, аҳолини тоза ичимлик суви, газ, электр энергияси билан таъминлаш тизими буткул янгича шаклда ташкил этилмоқда. Мазкур ишлар учун 141 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди. Бу ерга қурилаётган сув иншооти бир кунда 4 минг куб метр сувни тозалаш қувватига эга.
Ҳудуднинг ички йўллари соз ҳолатга келтирилиб, айнан Тошкент йўли кўчаси бўйлаб 13 та банк идораси биноси қурилди.
Ўтган икки йил вақт оралиғида шаҳарда 96 та янги уй-жой қурилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирга қадар 7 қаватли 14 та уй ўз эгаларига топширилди.
Шунингдек, авваллари ёғингарчилик кунларида аҳолининг юришига бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқарган ички кўчаларга асфальт қопламалари ётқизилиб, тунги чироқлар ўрнатилмоқда. Канализация ва тоза ичимлик суви тармоқлари ташкил этилиб, бу ерда савдо шохобчалари ва хизмат кўрсатиш манзиллари, спорт майдончалари, боғчалар қурилмоқда.