Мамлакатимизда миллий қадриятлар, маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойланиш тўғрисида”ги қонуни бу борада ишлар самарадорлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Наманган вилояти ҳам азалдан илм-фан ва маданият ривожланган йирик марказлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда вилоятда 274 та моддий маданий мерос кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган. Уларнинг 152 таси археология ва 98 таси архитектура ёдгорлиги бўлса, 16 таси диққатга сазовор жой ва зиёратгоҳ, 8 таси монументал ҳайкалдан иборат. Бу ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, Наманганни сайёҳлик марказларидан бирига айлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Президентимизнинг 2018 йил 16 январдаги “Моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида вилоятдаги моддий маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш, улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш, бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги “Ўзбекистон миллий тикланиш” партияси аъзолари, соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан хатлов ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида мавжуд ёдгорликлардан 73 тасининг ҳолати талаб даражасида эмаслиги, шунингдек 15 та тарихий маскан авария ҳолатига келиб қолганлиги аниқланган.

Наманган вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан ўтган 2021 йил мобайнида реставрация қилиш лозим бўлган олтита моддий маданий мерос объектига лойиҳа сметалари тайёрланиб, илмий Кенгашга тақдим этилган. Моддий маданий мерос объектларида олиб борилаётган реставрация-тиклаш ишларини доимий назоратга олиш мақсадида жорий йилда давлат дастурига киритилган Косонсой туманидаги “Ғўзапоя масжиди”, Мингбулоқ туманидаги “Қолгандарё масжиди”, Наманган шаҳридаги “Хотира ва қадрлаш уйи” объектлари учун Илмий-кенгаш хулосаси олинди. Мазкур объектларда реставрация ишлари амалга оширилди. Қолаверса, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Давлатобод туманида эътибордан четда қолиб келган “Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳида олиб борилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида мазкур тарихий қадамжо кўркам масканлардан бирига айланди.

Маълумотларга кўра, вилоятда эътибордан четда қолиб кетаётган, абгор ҳолатга келиб қолган муқаддас қадамжолар ҳам бор. Наманган шаҳри Маърифат маҳалласи ҳудудидаги “Сирли масжид” зиёратгоҳи ана шундай тарихий масканлардан биридир.
ЎзМТДПнинг Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашидаги депутатлик гуруҳи бу масалани ўрганиб чиқиб бу борада қарор ҳам қабул қилинган эди. Унда Наманган шаҳрининг “Қўқон” кўчаси, 5-уйда жойлашган “Сирли масжид” зиёратгоҳида ободонлаштириш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланган. Аммо…

– Халқ орасида “Сирли масжид” сифатида ном қозонган бу меъморий ёдгорлик XIX асрда барпо этилган, – дейди манбашунос олим Аҳмад Убайдуллоҳ. – Масжид ҳовлисида Қўқон хонлиги даврида яъни XVIII асрнинг охири ва XIX асрнинг биринчи ярмида яшаган тасаввуф олими Мажзуб Намангонийнинг муриди Ҳусайн халифанинг мақбараси жойлашган. Масжид шифтлари нақшлар билан безатилган, сирланган, рангли бўёқлангани сабабли “Сирли масжид” номи билан атала бошланган.
Манбашунос олим Аҳмад Убайдуллоҳ маълумотларидан шундай хулоса келиб чиқадики, ёдгорлик номини унинг пештоқига илинганидек, “Шайх Зокирхўжа Эшон” эмас, балки “Ҳусайн халифа” зиёратгоҳи деб номлаш мақсадга мувофиқ. Чунки, бу масжид ҳудудидаги қабрда юқорида қайд этилганидек, Шайх Зокирхўжа Эшоннинг эмас, балки Ҳусайн халифанинг ҳоки ётибди. Қўқон хонлигининг шайхул исломи бўлган, яъни хонликда ислом шариатига оид муҳим масалаларда фатволар чиқариш ҳуқуқига эга бўлган Шайх Зокирхўжа Эшон “Сирли масжид”дан чамаси 100 метр нарида қад ростлаган замонавий савдо мажмуаси ҳудудида (олдинги болалар боғчаси ўрнида) дафн қилинган.
Масжид тўғри тўртбурчак тархли, икки устунли хонақоҳ ва сатҳи ундан катта бўлган икки томонлама қурилган айвондан иборат бўлган. Айвон ва хонақоҳ деворларига чўққисимон меҳроблар ишланган. Хонақоҳ безаксиз, лекин айвон турли нақшлар билан серҳашам безатилган. Айвон шифти ҳавозаси ва устунлар тепаси муқарнасли қошлар, рангоранг гулли нақшлар ва безакли пой-устунлар билан зийнатланган. Деворларнинг юқори томонлари энли ҳандасий нақшлар билан ҳошияланган. Айвон безагида фарғоналик халқ усталарининг энг гўзал ижод намуналари намойиш этилган. Масжид олдидаги чор атрофи тўсилган ҳовлида тархи тенг томонли ҳовуз, кекса чинор ва хом ғиштдан қурилган синчли бино бўлган
Ачинарлиси, 2009 йили вилоят марказида йўлларни кенгайтириш ишлари олиб борилиши сабабли масжиднинг асосий биноси бузиб юборилган. Аммо унинг дарвозахона қисми ва масжид ичидаги қабр сақланиб қолган. Ушбу ёдгорлик 2011 йилда вилоят ҳокимининг 106-сонли қарорига асосан маданий мерос объекти сифатида муҳофазага олинган. Туризмни ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурга кўра, масжид ҳовлисидаги мақбара 2016 йили вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан қайта реставрация қилинган. Яъни, қабр сатҳи 1,5 баробар юқорига кўтарилиб, мармар тош билан қопланган.
Ҳозирги кунда абгор ҳолатга келиб қолган ёдгорлик ҳудудидан “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғини идора биноси сифатида фойдаланиб келмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Адҳамжон Раҳматуллаевнинг айитишича, ушбу қадамжо вилоят маданий мерос бошқармаси балансида бўлиб, у ердаги хоналардан ижара асосида текин фойдаланилади. МФЙ ёдгорлик ва унинг атрофини тозалаб, ободонлаштириб туришни ўз зиммасига олган. Бироқ...
Меъморий ёдгорлик ичкарисидаги ҳолат, ҳовлидаги тартибсизлик, қабр атрофидаги “манзара”дан ҳар қандай кишининг дили вайрон бўлади. Масжиднинг бузиб юборилган ҳудудида қуриб олинган тунукасозлик устахонаси, сартарошхона ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари растасида ҳунармандлар аҳолига маиший хизмат кўрсатмоқда.
Айни шу масала юзасидан мутахассис қуйидагича изоҳ берди:
– Давлат муҳофазасига олинган тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш бўйича вилоят маданий мерос бошқармаси томонидан мунтазам равишда тегишли текширув ва ўрганишлар олиб борилади, – дейди Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Қодиров. – Хусусан, жорий йилнинг 21 ва 28 февраль кунлари ўтказилган текширув натижасида Наманган шаҳрининг Қўқон кўчасида жойлашган “Сирли масжид” маданий мерос объекти ҳудудида тегишли рухсатномасиз сартарошхона ва нонвойхона қурган шахслар борлиги аниқланди. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2022 йил 1 апрелдаги ва 23 июндаги маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорларига мувофиқ, давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда бинолар ва иншоотларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриб олгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64-модда, 2-қисмига асосан ҳуқуқбузар Ж.И.га нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида – 810 000 сўм ҳамда ҳуқуқбузар С.А.га нисбатан базавий миқдорининг ўн баравари миқдорида – 2 700 000 сўм миқдорида жарима жазолари тайинланди. “Сирли масжид” ёдгорлигини сақлаб қолиш, мавжуд қисмларини таъмирлаш, тарихий жойни ободонлаштириш бўйича тегишли таклифларни маҳаллий ҳокимликка тақдим этганмиз. Айни пайтга келиб, маблағ ажратилмади. Келаси йилда дастурга тушиб қолишидан умидвормиз.
– “Сирли масжид” ёдгорлиги ва зиёратгоҳ маҳалламиз аҳли учун ҳам муқаддас саналади, – дейди Аловуддин Абдураззоқов. – Азал-азалдан бу ерга узоқ-яқиндан одамлар келиб, зиёрат қилиши бор гап. Афсуски, тарихий обидамиз йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди. Масжиднинг сақланган кириш қисми – дарвозасини бундан аввал бузишга уринган усталар кейинчалик бетоб бўлиб қолди. Дарвоза қисмидаги меъморий кўринишни реставрация қилиш, нураб ётган қисмларига эътибор қаратиш керак. Маҳалла фуқаролар йиғинини бошқа жойга кўчириш, “Сирли масжид” ёдгорлигини сақлаб қолиниши, уч асрлик тарихга бориб тақаладиган бу жойни обод ва кўркам қиёфага кириши, бинобарин, сайёҳлар учун чинакам зиёратгоҳга айланишини истаймиз.
Қайд этиш жоизки, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 9-моддасида, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколат доирасида ўз ҳудудларида жойлашган маданий мерос объектларини аниқлаши, уларни ҳисобга олиши, муҳофаза қилиши, асраши ва улардан фойдаланиши, бу борадаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлаши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмаларини маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш тадбирларини ўтказишга жалб этиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Шунга қарамай, Наманган вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси, вилоят маданий мерос бошқармаси, Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан “Сирли масжид” ёдгорлигининг кейинги тақдирига панжа орасидан қаралаётгани, ушбу ёдгорликни сақлаб қолиш учун ҳозиргача амалий ишларга киришилмаганини қандай изоҳлаш мумкин? 2017-2019 йилларга мўлжалланган дастур асосида ушбу ҳудудда кўп қаватли уйлар ва бинолар қурилди, автомобиль йўллари кенгайтирилди. Лекин тарихий обиданинг дарвозаси ва қолган бинолари яна “эски ҳаммом, эски тос”лигича қолиб кетди.
Наҳотки, Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар яшаган заминимизда ўтмиш аждодларимиздан қолган маданий мерос объектларини келажак авлодларга асл ҳолича етказиш, ёшларнинг бой тарихимизни теран англаб етишида муҳим аҳамият касб этадиган бундай муқаддас қадамжолар асраб-авайланиши ўрнига, ҳуда-беҳудага бузиб ташланаверса…
Ўйлаймизки, “Сирли масжид” ва шу каби моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва уни асраб-авайлашга масъул бўлган тегишли ташкилотлар мазкур ҳолатни ўрганиб камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратишади. Умид қиламизки, бу масала республика мутасаддилари ва вилоят ҳокими назоратида ижобий ҳал этилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/3CCiVAnrw1A" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА