Нукусда технопарк ташкил этилмоқда
Нукус шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали ташкил этилмоқда.
Нукус шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали ташкил этилмоқда.
Ушбу технопаркнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиалини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан ташиши мақсадида IT Center директори Н.Алибеков ва маслаҳатчи Ёкут Гёкхан Нукус шаҳрига ташриф буюрди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда мамлакат ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг ҳудудий филиали 2020 йил якунига қадар ташкил этиш топширилганди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тимур Баекеев. – Унга кўра, 2020 йил якунига қадар технопаркнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Наманган вилоятлари ҳудудий филиаллари ташкил қилиниши белгиланган. Ҳозирда Нукус шаҳрида технопаркнинг ҳудудий филиалини ташкил қилиш бўйича қурилишига ер майдони ажратилмоқда.
Технопарк филиаллари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ва давлат-хусусий шерикчилиги асосида амалга оширилиши белгиланган.
Технопарк ёки “IT PARK”– истиқболли стартап лойиҳаларини йўлга қўйиш ва уларни бозорга олиб чиқишга хизмат қиладиган, фан ва таълим муассасалари билан интеграциялашув орқали амалга оширишга мўлжалланган мажмуа бўлиб, у зарур бино, иншоот ва ускуналарни ўз ичига олади. “IT PARK” фаол иқтидор эгаларини ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг ва илмий-педагогик масалаларда қўллаб-қувватлаш орқали ўз бизнес лойиҳаларини чинакам бизнесга айлантириш учун барча имконият берадиган маскандир.