Нукусда халқаро экологик марафон ўтказилди
Нукусда “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида “ARAL MARATHON” халқаро экологик марафон бўлиб ўтди.
Нукусда “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида “ARAL MARATHON” халқаро экологик марафон бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Енгил атлетика федерацияси, Миллий гвардия ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган тадбирда олий ва ўрта махсус ўқув юртларидан, меҳнат жамоаларидан икки минг нафарга яқин ёш иштирок этди.
Ҳафталик марафонини ташкил этишдан мақсад, ёшлар ўртасида экологик тарбияни, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилишдан иборат. Шунингдек, аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда юзага келган экологик муаммоларни бартараф этишда уларни янада жипслаштириш бўлиб ҳисобланади.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйида, шу жумладан, Мўйноқ туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга спортчиларимиз ҳам ўз ҳиссаларини қўшишни мақсад қилган, – дейди Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси бўлим бошлиғи, миллий тоифадаги ҳакам Ҳасанбой Ортиқов. – 17 октябрь куни Тошкент шаҳрида старт берилган марафон Самарқанд, Бухоро, Урганч шаҳарларида, бугун эса Нукус шаҳрида юқори савияда ташкил этилди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан жойларда тарғибот тадбирлари амалга оширилиб, концерт дастурлари намойиш этилади.
Марафон якунида ўғил болалар ўртасида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси Қувватжон Абдимуратов, қизлар ўртасида Нукус Олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Асалой Жумабоева маррага биринчи бўлиб келди.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Экомарафон эртага Мўйноқ туманида бўлиб ўтади.