Нукусда бир гуруҳ қиморбозлар қўлга олинди
Мазкур ҳолат юзасидан қиморбозларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-профилактик тадбир давомида жорий йил 13 майдан 14 майга ўтар кечаси Нукус шаҳридаги хонадонларнинг бирида қимор ўйнаётган 19 кишидан иборат гуруҳ далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, 25 ёшдан 58 ёшгача бўлган гуруҳ аъзолари томонидан мамлакатимизда карантин тадбирлари эълон қилинганлигига қарамасдан ушбу хонадонда доимий равишда қиморхона ташкил этиб келинган. Тадбир давомида қимор ўйини даврасида тикилган умумий қиймати 42 миллион 225 минг сўм пул, 3750 АҚШ доллари, 8 дона ўйин картаси ҳамда сигарета қутисидаги кулранг модда далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилди. Кимёвий экспертиза натижасида сигарета қутисидаги кулранг модда “гашиш” гиёҳвандлик моддаси эканлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан қиморбозларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.