Нукусда Бердақ ижодига бағишланган билимлар беллашуви ўтказилди
Яқинда Нукус шаҳрида Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳамда Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби ҳамкорлигида атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Бердақ таваллудининг 200 йиллиги олдидан “Бердақ ижоди билимдони” номли олимпиада ташкил этилди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 апрелдаги “Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–147-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ёш авлоднинг миллий адабиётимизга бўлган қизиқишини ошириш, уларни буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий мерос руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилди.

Олимпиадада Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби ўқувчилари иштирок этиб, қорақалпоқ мумтоз адабиётининг йирик намояндаси Бердақнинг ҳаёти, ижодий фаолияти, асарларида илгари сурилган ғоялар ҳамда уларнинг бугунги кундаги аҳамияти юзасидан ўз билим ва иқтидорларини намоён этди.
Анжуманда Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби директори Максет Утениязов, ушбу мактабнинг ўқув ишлари бўйича бўлим бошлиғи Алишер Мадеминов, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Наргиза Алимова ҳамда академиянинг Ўзбек тили, ижтимоий фанлар ва жисмоний тарбия кафедраси мудири Матлуба Муродова иштирок этди.
Мазкур олимпиаданинг аҳамияти аввало, ёшларни халқимизнинг бой адабий меросига ошно этиш, уларда мустақил фикрлаш, бадиий асарларни таҳлил қилиш ва ижодий ёндашув кўникмаларини шакллантириш билан белгиланади.

Маълумки, Бердақ қорақалпоқ адабиёти тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган, ижоди орқали халқнинг орзу-интилишлари, ижтимоий ҳаёти, маънавий қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларини тараннум этган буюк сўз санъаткоридир. Унинг асарларида адолат, маърифат, ватанпарварлик, инсонийлик ва халқпарварлик каби эзгу тушунчалар алоҳида ўрин тутади.
Шу маънода, “Бердақ ижоди билимдони” олимпиадаси ёшларнинг нафақат адабий билимларини синовдан ўтказиш, балки уларни шоир ижодининг ғоявий-бадиий моҳиятини чуқур англашга ундашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Беллашув низомига мувофиқ, иштирокчиларнинг билими тест топшириқлари ва ижодий ёзма ишлар орқали баҳоланиши белгиланди. Хусусан, тест синовлари 25 та саволдан иборат бўлиб, уларни бажариш учун 50 дақиқа вақт ажратилди. Ижодий ёзма ишлар учун эса 120 дақиқа белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, бундай маърифий ташаббуслар таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, олий таълим муассасалари билан ижод мактаблари ўртасидаги узвий алоқалар ўқувчиларнинг илмий-ижодий изланишларини рағбатлантириш, уларни келгусидаги таълим босқичларига тайёрлаш учун янги имкониятлар яратади.
Ирода Аҳмадова,
ЎзДХА “Санъатшунослик” таълим йўналиши 2-босқич талабаси