Нукус шаҳри мактабларига совғалар топширилди
Янги ўқув йили олдидан Қорақалпоғистон Республикасидаги умумтаълим мактабларига Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳокимликлари ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан ҳар томонлома ёрдам берилмоқда.
Нукус шаҳридаги умумтаълим мактабларига Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ҳомий ташкилотлар томонидан компьютерлар жамланмаси, ноутбуклар ва мактаб формалари топширилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари А.Данияров, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари В.Ражапов, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Ф.Аблаяров йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги билан қутлади.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу бежиз эмас албатта. Чунки, фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади.
– Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллиги олдидан устозларга, ўқувчиларга ва уларнинг ота-оналарига ажойиб туҳфа бўлди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълим вазири Ахмед Наримбетов. – Мамлакатимизда ёшларнинг билим ва касб-ҳунар эгаллаши, улар учун муносиб иш ва турмуш шароити яратиш масаласи доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда. Бугунги топширилаётган совғалар мактабларда ёшларнинг чуқур билим олишлари учун шароитлар яратишга, улар ўртасида IT ҳамда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.
[gallery-8469]
Тадбирдан сўнг Президент совғалари юкланган автомашиналар карвони йўлга чиқди. Шу куннинг ўзида Нукус шаҳридаги 51 та умумтаълим мактабига жами 723 дона компьютер жамланмаси ҳамда ноутбук, 4 минг дона мактаб формаси топширилди.
Ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада оширишда ёшлар етакчиларининг меҳнати беқиёсдир. Тадбирда Нукус шаҳридаги 64 та маҳаллада фаолият олиб бораётган ёшлар етакчиларига тўртта сектор вакиллари томонидан ноутбук топширилди.
Меҳмонлар Нукус шаҳридаги Информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган 2-сонли таянч мактабига ташриф буюриб, янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишди. Мактаб жамоасига ҳомий ташкилотлар томонидан компьютерлар жамланмаси, ноутбуклар ҳамда мактаб формалари топширилди.
Мактаб таълимига ва ёшларга қаратилаётган эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрлик албатта энг улуғ, энг азиз байрам олдидан халқимизнинг кайфиятини кўтаришга хизмат килади. Зеро, мамлакатимизда эл азиз, инсон азиз.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА