“Нукус” полигонида аскарлар ўртасидаги энг катта беллашувга старт берилди
Бугун, 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида муҳандислик ҳамда Қуруқликдаги қўшинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ўртасидаги “Энг илғор мутахассис” кўрик-танловининг финал босқичига старт берилди.
Таъкидлаш жоизки, вазирлик миқёсида “Мен ғолиб!” шиори остида анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу танлов “Нукус” умумқўшин полигонида биринчи маротаба бўлиб ўтмоқда.
Мутахассис аскарларнинг касбга оид малакасини ошириш, етакчилик қобилиятини юксалтириш ҳамда илғорларни муносиб рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган мусобақани Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов очиб берди.

Кўрик-танловда муҳандислик бўлинмалари ўртасида “Энг илғор мутахассис сапёр”, “Энг илғор муҳандислик разведка дозори” ва “Дизелчи-электрик” номинациялари, шунингдек, Қуруқликдаги қўшинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари ўртасида “Энг илғор кўчма зенит-ракета комплекси мутахассиси” ва “Энг илғор ЗУ-23-2 (зенит қурилмаси) мутахассиси” номинациялари бўйича жами 78 нафар муддатли ҳарбий хизматчи 6 та жамоа шарафини ҳимоя қилиш учун беллашади.
Танловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда иштирокчилар хатти-ҳаракатини адолатли баҳолаш мақсадида мусобақани Мудофаа вазирлиги марказий аппарати вакилларидан иборат ҳайъат аъзолари баҳолаб боради.

Мусобақанинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги хонандалари ва ҳарбий оркестр томонидан намойиш этилган концерт дастури, фахрий қоровул взводининг кўргазмали чиқишлари барчага байрамона кайфият улашди.



Тимур Нарзиев,
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ
матбуот хизмати бошлиғи.
ЎзА