Ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилган баскетбол бўйича 17 ёшгача бўлган ўсмирлар (“U-17”) ўртасидаги “Golden Valley Cup 2025” халқаро турнирига Наманган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мезбонлик қилмоқда.
Ушбу нуфузли мусобақада юртимизнинг Наманган ва Андижон вилоятларидан ташқари, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон давлатларидан келган 10 та жамоа ғолиблик учун ўзаро куч синашмоқда.

Асосан 2008-2009 йилларда таваллуд топган ўғил болалардан иборат жамоалар турнирнинг биринчи куниданоқ қизғин баҳсларга киришди. Ушбу халқаро мусобақа спортчилар учун жорий йилнинг октябрь ойида Баҳрайнда бўлиб ўтадиган учинчи ёшлар Осиё ўйинларига муҳим тайёргарлик вазифасини ўтайди.

Дастлабки турда Қозоғистоннинг “Остона” жамоаси Қирғиз Республикасининг “Ўш” жамоасини 65:30 ҳисобида енгди. Тожикистон терма жамоаси эса Туркманистон жамоасига 31:74 ҳисобида имкониятни бой берди. Қирғиз Республикаси шарафини ҳимоя қилаётган яна бир жамоа – “Ноокат” андижонлик баскетболчиларга 42:85 ҳисобида енгилди. Мезбонларнинг иккинчи жамоаси Қозоғистондан келган “Туркистон” жамоаси билан рақобатда 44:54 ҳисобида мағлуб бўлди.

Турнирнинг иккинчи кунги баҳсларида эса қуйидаги натижалар қайд этилди: “Ўш”-“Тожикистон” 40:41. “Ноокат”-“Туркистон” 18:49. “Бишкек”-“Наманган-2” 85:37, Наманган вилояти терма жамоаси - “Остона” 59:57. Таъкидлаш жоизки, мураббийлар Фаррух Саркиев ва Энвер Османов бошчилигидаги Наманган вилояти терма жамоаси бош совринни ўзида сақлаб қолиш учун асосий даъвогар сифатида баҳсларга киришмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА