Сўнгги йилларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида барча асосий соҳаларни рақамлаштириш ҳамда мамлакатда ҳақиқий ахборот жамиятини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун илм-фанда ҳам рақамлаштириш масаласи муҳим жараёнга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Австрия Фанлар академияси олимлари ўртасида бу борада илмий ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Жумладан, Меморандум доирасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти 2024-2026 йилларда Volkswagen жамғармаси молиявий кўмагида “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти фонотекаси – инфратузилма ва салоҳиятини яратиш бўйича” уч томонлама Халқаро илмий-амалий лойиҳада иштирок этмоқда.
Фанлар академиясида бўлиб ўтган тадбирда ушбу ҳамкорлик доирасида қилинаётган ишлар, лойиҳалар муҳокама қилинди. Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев олиб борди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RfMJ3TK7g0c" title="Noyob sanʼat asarlarini raqamlashtirish ishlari boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Лойиҳанинг мақсади бир неча ўн йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институтининг мусиқашунослари томонидан экспедиция жараёнида тўпланган ўзбек мусиқа мероси намуналаридан иборат аудиофонд ҳамда студия ёзувларини реставрация қилиш, рақамлаштириш, каталоглаш, сақлашдан иборат. Ҳозирда лойиҳа иштирокчиси бўлган хорижлик мутахассислар гуруҳи ҳамда институтнинг Мусиқа бўлими ходимлари билан биргаликда иш жараёнлари бошланган.
– Санъатшунослик институти нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёдаги энг биринчи илмий даргоҳлардан бири ҳисобланади. У 1928 йилда Самарқандда Фитрат ташаббуси билан очилган. Ўша вақтда институтда фақатгина мусиқа ва рақс санъати ўргатилган. 1930 йилдан институт Тошкентга кўчирилгач, йўналишлари кенгайиб борди. Институтимиз фонотекасида 1930-40 йилларда ёзилган мусиқа намуналари, магнит ленталар бор.
Буларни кенг оммага етказиш, бугунги авлод ўзининг маданияти, мусиқаси тарихини билиши учун ушбу намуналарни рақамлаштиришга йўналтирдик. Бу борада биз икки йилдан бери хорижий мутахассислар билан биргаликда иш олиб боряпмиз. Австриялик олимлар бизга ёрдам беришяпти, уни молиялаштириш Volkswagen жамғармаси томонидан амалга оширилди.
Ўтган йили бир гуруҳ австриялик олимлар келиб ёшларимизга рақамлаштириш соҳаси бўйича ишлаш юзасидан кўникмалар берди. Ёшларимиз Венага бориб малакаларини ошириб қайтишди. Бу йил фонотекадаги ёзув намуналарининг ҳаммасини аста-секин рақамлаштиришга киришилди, – дейди Санъатшунослик институти директори Шокиржон Пидаев.
Н.Раҳмонова, ЎзА мухбири