Тошкент шаҳрида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази томонидан ташкил этилган инглиз тили фани ўқитувчилари учун 3 кунлик халқаро семинар-тренинг бошланди.
Буюк Британиянинг “Nottingham Trent” университети профессорлари иштирокида ўтаётган ушбу анжуман мамлакатимиз ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари мутахассислари учун мўлжалланган.
— Сифатли таълим жамиятни ўзгартира олади, — дейди марказ директори Шерзод Якубов. — Бу жараёндаги ҳал қилувчи куч эса малакали педагогдир. “Nottingham Trent” университети билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тренинг кўзланган мақсадга эришиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Тадбирнинг илк кунида Жейн Виккерс “Aсосий 4 та кўникмани ривожлантириш”, Мартин Сивер эса “Инглиз тили дарсида ўқувчига йўналтирилган ёндашувни қўллаш” ва “Инглиз тили дарси жараёнида интерактив машғулот” мавзуларида маъруза қилди.
— Мен Ўзбекистонга илк бор 1994 йил келганман, — деди академик мақсадга йўналтирилган инглиз тили дастури раҳбари профессор Мартин Сивер. — Ҳозир эса мамлакатда катта ўзгаришлар юз бераётгани, хусусан таълим тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлиб турибман. Демак, бу галги сафаримиз ўқитувчиларнинг келгуси фаолияти учун самарали бўлади, деб умид қиламан. Тренинг чоғида машғулотларни янада қизиқарли уюштириш услублари устида ишлаяпмиз. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўқувчи дарс жараёнида қанчалик фаол бўлса, у дарсни шунчалик яхши ўзлаштиради.
Энг қизиқ жиҳати, дарслар “Macmillan” нашриёт уйининг “Laser” инглиз тили ўқув дарслиги асосида тайёрланган ҳолда, интерактив усулда ташкил этилди. Шунингдек, семинар давомида олинадиган билим, кўникмалар мактаб ўқитувчилари орқали юртимиз бўйлаб барча мактабларда кенг тарғиб қилинади.
Биринчи кун давомида бўлиб ўтган семинар уч босқичли лойиҳанинг биринчи босқичидир. Иккинчи босқич онлайн шаклда ўтказилиши режалаштирилган.
Келажакда ўзбекистонлик ўқитувчилар малака ошириш, ўқув жараёнини кузатиш ва Буюк Британия педагоглари билан тажриба алмашиш учун “Nottingham Trent” университетига бориш имконига эга бўладилар.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА