Нотариуслар маҳалла раислари малакасини оширмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 апрелда “Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган.
Мазкур қарор билан аҳолига қулайлик яратилиб, айрим ишончномаларни ўз яшаш ҳудудидаги маҳалла идораларида тасдиқлатишларига имконият яратилган.

Бироқ, бу маҳалла (овул) фуқаролар йиғинлари раисларидан ўзига яраша тушунча, билим ва масъулият талаб қилади. “Нотариуслардан ҳуқуқий билимлар” акцияси ана шу мақсадда ташкил этилди.
Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланган мазкур лойиҳа доирасида маҳалла расилари билим ва малакаси оширилмоқда.
Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган ўқув-семинарларидан бири Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 151 -умумтаълим мактаби фаоллар залида бўлиб ўтди.

Нотариуслар томонидан маҳалла раисларига ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисида тушунтириш берилиб, ўзаро фикр алмашилди.
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Нахшаб маҳалла фаоллар залида ўтказилган тадбирда шаҳардаги маҳаллалар раислари ва ваколатли ходимлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Нотариал палатаси томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланма тарқатилмоқда.
Бундай тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда.
ЎзА