Нотариусга сиз қандай баҳо қўясиз?
786 нотариусдан 116 нафари “аъло” баҳо олган бўлган 38 нафари фаолияти талабга жавоб бермаган
786 нотариусдан 116 нафари “аъло” баҳо олган бўлган 38 нафари фаолияти талабга жавоб бермаган
Адлия вазирлиги аҳолининг энг кўп иши тушадиган тизим бўлган нотариат соҳасини тартибга солиш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида ортиқча пул ундирилмаслиги, қолаверса коррупцияга йўл қўймаслик мақсадида амалий ишларни олиб бормоқда.
Шу мақсадда нотариуслар фаолияти шаффофлигини таъминлашга қаратилган ишлар давом эттирилаётир. Вазирлик томонидан 2019 йилнинг иккинчи ярмида нотариусларнинг иш фаолияти сифати, ушбу жараёнга учинчи шахслар аралашувини истисно этувчи автоматлаштирилган электрон дастур жорий этилиб, шу орқали уларнинг фаолияти баҳолаб борилган.
#Адлия_хабарида маълум қилинишича, 116 нотариус “аъло” баҳо олган.
Баҳолашда 786 нотариус қамраб олинган бўлса, улардан 116 нафари фаолияти “аъло”, 434 нафариники “яхши”, 198 нафари эса “қониқарли” баҳо олган. 38 нафари фаолияти эса талабга жавоб бермаган.
Бу жараёнда нотариал ҳаракатлар сони, нотариуснинг хизмат фаолиятига оид маълумотлар ва унинг фаоллиги каби мезонлар асос қилиб олинган.
Рейтингда Хоразм, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари нотариуслари юқори натижа кўрсатган.
Юз баллик баҳолаш тизимида Хоразм вилояти Урганч шаҳар 9-сон давлат нотариал идораси нотариуси Ирода Раҳмонова 92 балл,Тошкент вилояти Бекобод шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси Одил Абдухолиқов 92 балл, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси Бекзод Ғаффаров 90 баллни қўлга киритган.
Кимлар талабга жавоб бермаган?
Талабга жавоб бермаган 38 нотариуснинг 33 нафари Тошкент шаҳрида, қолганлари Самарқанд, Андижон ва Наманган вилоятларида ишловчи нотариуслардир.
Ушбу рейтингнинг сўнгги уч ўрнини Тошкент шаҳар Миробод тумани 6-сон давлат нотариал идораси нотариуси Нафисахон Мақсудова, Наманган вилояти Наманган шаҳар 6-сон давлат нотариал идораси нотариуси Баҳодир Турсунқулов, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси Сайёра Мадалиева эгаллаган.
Адлия вазирлиги томонидан иш фаолияти “аъло” деб топилган нотариусларни рағбатлантириб бориш ҳамда “талабга жавоб бермайди” деб баҳоланган нотариуслар фаолиятини яхшилаш чораларини кўриш ва профилактик ишларни амалга ошириш тизими яратилди.
Нотариусларга сиз қандай баҳо қўяр эдингиз? Ёки баҳолаш бўйича сизда таклиф борми? Фикрларингизни info@minjust.gov.uz электрон почтасига йўллашингиз мумкин.