Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон нотариал палатаси матбуот анжумани уюштирди.
Ўзбекистон нотариал палатаси 2020 йил январь ойида нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида ташкил топган бўлиб, бугунги кунда унга хусусий амалиёт билан шуғулланувчи 872 нафар нотариус аъзо бўлган.
Ўзбекистон нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров Нотариал палата томонидан олиб борилаётган кенг қамровли фаолият, шу жумладан, хориж ҳамда маҳаллий ҳамкорлик меморандумлари имзолаш орқали нотариат соҳасини такомиллаштириш, аҳолига ҳар томонлама қулайликлар яратиш, кўрсатилаётган нотариал ҳаракатларнинг сифати ҳамда ягона амалиётни жорий қилиш тўғрисида гапирди.
Жорий йил биринчи ярмида нотариуслар томонидан кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ 148 минг 750 шартнома расмийлаштирилди. Шундан квартира, уй ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича 108 минг 723 олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган. 27 минг 752 ҳадя шартномаси, 139 айирбошлаш шартномаси рўйхатдан ўтказилган. 14 корхона олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш бўйича шартнома, 12 минг 45 нотурар жой олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш бўйича шартнома, фуқаро ҳаётлиги давомида қараб туриш бўйича 77 шартнома расмийлаштирилган.
Автомашина олди-сотди шартномаси сони жами 209 минг 322 тани ташкил қилган бўлса, 8 минг 400 ҳадя шартномаси, 46 айирбошлаш шартномаси, 55 минг 525 автомототранспортни ижарага бериш бўйича ижара шартномаси қайд қилинган.
Кўчмас мулкни тасарруф этиш ҳуқуқи билан (олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш) шартномалар, турар жой ижараси, нотурар жой ижараси, васият, қариндошларга ва бошқа шахсларга мерос бўйича гувоҳнома, мерос мулкини кўриш бўйича кўрилган чоралар, эр-хотиннинг умумий мулкидаги ўз мулки бўйича гувоҳнома, автотранспортни бошқариш бўйича қариндошлар ва ўзга шахсларга берилган ишончнома, тасарруф этиш ҳуқуқи билан берилган ишончнома ва бошқа ишончномалар бўйича жами нотариал ҳаракатлар сони 2 миллион 128 минг 878 тани ташкил қилди.
Шулардан нотариал идорадан ташқарида тасдиқланган нотариал ҳаракатлар (сайёр хизмат) 7 минг 539 та, давлат божидан озод қилинган нотариал ҳаракатлар 21 минг 887 тадир.
Рақамлар таҳлили кўрсатадики, ярим йил давомида бир нафар нотариус ўртача 2 минг 441 нотариал ҳаракатни амалга оширди.
Айниқса, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда консуллар билан олиб борилаётган яқиндан ҳамкорлик нотариал ҳаракатлар бўйича содир этилиши мумкин бўлган фирибгарлик ҳамда қонунбузилишларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшмоқда.
Вақтинча чет элларда истиқомат қилаётган фуқаролар нотариал ҳаракатларни узоқдан туриб амалга ошириши бўйича нима ишлар қилинган? Ҳужжатлар ҳақиқийлиги қандай теширилмоқда?
Бу саволларга Адлия вазирлиги давлат ҳуқуқий хизматларини тартибга солиш бошқармаси бош маслаҳатчиси Маъсум Ҳотамов жавоб бериб, ҳозирги кунда вақтинча чет элларда истиқомат қилаётган фуқароларимиз Киев конвенцияси, Гаага халқаро шартномасига кирган мамлакатларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун нотариусларга боришлари ёки консулхоналарга мурожаат қилишлари мумкинлигини қайд этди.
Нотариал палата раиси Ташқи ишлар вазирлиги билан ташкил этилган “Телеграм” мессенжеридаги мулоқот гуруҳи орқали хориждаги ҳамюртларимиз томонидан имзоланган у ёки бу нотариал ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги текширилаётгани, ҳар иккала тараф ҳамкорлигида фуқароларга қулайлик яратилганлигини айтди.
“Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимида нотариусларнинг ҳар бир ҳаракати кўриниб туради ва адлия вазирлиги томонидан назорат қилинади. Бундан ташқари, Нотариал палатанинг “Телеграм” мессенжеридаги “Нотариус маслаҳати чат” мулоқот чати орқали фуқаролар учун 24 соат давомида нотариусларнинг ҳатти-ҳаракати бўйича мурожаатлар ва нотариал ҳаракатлар юзасидан саволлар бериш имконияти яратилган. Ҳар бир мурожаат ва саволлар жавобсиз қолдирилмайди.
Матбуот анжуманида иштирок этган журналистлар иккиламчи бозорда автомототранспорт воситаларини расмийлаштириш бошқа мамлакатлардагига қараганда қимматлигига эътибор қаратишди. Бу борада Адлия вазирлиги масъул ходими томонидан тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда автомототранспорт учун йўл фонди учун тўловни бир маротаба ундириш масаласи кўриб чиқилаётгани, бу масала яқин муддатларда ижобий ҳал этилиши бўйича ахборот берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА