Нотариал идоралардаги муаммолар ҳал этиладими?
Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилди. Унинг ҳуқуқи ва мажбуриятлари нималардан иборат?
Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилди. Унинг ҳуқуқи ва мажбуриятлари нималардан иборат? Нега давлат нотариал идоралари босқичма-босқич нодавлат нотариал идораларига ўтказилмоқда? Бугунги кунда нодавлат нотариал идораларининг сони қанча? Уларнинг фаолияти халққа манзур бўляптими? E-notarius.uz ахборот порталининг аҳоли учун қандай афзалликлари бор?
ЎзА мухбири юқоридаги саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси раиси Дилшод АШУРОВ билан суҳбатлашди.
– Ўзбекистон Нотариал палатасини ташкил этиш Президентимизнинг 2019 йил 9 сентябрь “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида илгари сурилган эди. Палата Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги “Ўзбекистон Нотариал палатаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилди, – дейди Д. Ашуров. – Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 14 январь куни “Нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзоланди.
Палатанинг вазифалари мазкур қонунда аниқ белгиланган. Хусусан, палата зиммасига хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, шунингдек, қонун ҳужжатларининг бир хил тарзда қўлланилишига доир таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари юклатилган.
Шунингдек, низоларнинг олдини олувчи институт сифатида нотариатнинг ролини мустаҳкамлаш, нотариуслик касби нуфузини ошириш, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилиши ҳамда уларнинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанишини ташкил этади. Нотариал ҳаракатлар бўйича тавсиявий хусусиятга эга бўлган услубий қўлланмалар ишлаб чиқади. Тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан нотариал фаолият масалалари бўйича ҳамкорлик қилади.
– Хусусий нотариуслар аввал ҳам бўлган. Нега уларнинг фаолияти тўхтатилган эди?
– Ҳақиқатдан ҳам хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар Ўзбекистон нотариал соҳаси учун янгилик эмас. 2010 йилга қадар мамлакатимизда бир қанча хусусий нотариал идоралар фаолият юритган. Бироқ 2010 йилнинг 15 майидан бошлаб мамлакатимизда бу каби марказлар фаолияти бутунлай тўхтатилган эди. Бунга эса хусусий нотариал идоралари томонидан қонунга зид ҳужжатларни тасдиқлаш ҳоллари кўпайгани ҳамда ғаразли мақсадни кўзлаб ўзларининг хизмат ваколатларини суиистеъмол қилгани асосий сабаб бўлган. Аммо бу билан соҳадаги муаммоларга ечим топилмади. Аксинча, Ўзбекистонда хусусий нотариуслар фаолияти тўхтатилгач, фуқаролар ушбу хизматдан фойдаланишда қатор қийинчиликларга дуч кела бошлади. Хусусан, давлат нотариал идоралари йўлакларидаги узундан узун навбат ва хизмат учун асосланмаган нарх қўйиш ҳолатлари аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлди. Нотариал идоралардаги ортиқча вақт ва маблағ йўқотишлар, ходимлар сонининг камлиги тизимдаги асосий муаммолар эди. Бу каби ҳолатларнинг тез-тез содир бўлиши ўз-ўзидан соҳада янги ислоҳотларни амалга ошириш, тизимдаги мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш, бу орқали эса аҳолига қулайлик яратиш заруратини юзага келтирди. Юқоридаги қайд этилган фармон ана шундай ҳолатларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Фармонда қайд этилганидек, давлат нотариал идоралари босқичма-босқич хусусий типдаги нотариал тизимга айлантирилиши белгиланган. Шунга мувофиқ, жорий йилнинг биринчи майидан Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти ташкил этилди. Қувонарлиси, ушбу механизмнинг амалиётга татбиқ этилиши аҳолининг нотариал хизматларга бўлган талабини қондириш, нотариат соҳасида эркин рақобат муҳитининг шаклланиши, ортиқча бюрократия ва коррупция ҳолатларига барҳам беришга хизмат қилади. Қолаверса, эндиликда нотариал идорада ортиқча навбат кутиш ҳолатларига барҳам берилади. Чунки қонунда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг энг кам сони белгилаб берилди, энг кўп сони эса аксинча, чегараланмади. Бу эса ўз-ўзидан аҳолига тез, ишончли ва сифатли нотариус хизмати кўрсатишга хизмат қилади. Шунингдек, бундан буён фуқаролар ҳафтанинг исталган кунида нотариус хизматидан фойдаланиши мумкин бўлади.
– Хусусий нотариуслар фаолиятини ташкил этишнинг афзалликлари нимада?
– Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этишнинг афзалликлари жуда кўп. Жумладан, давлат нотариал идоралари фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ давлатнинг ресурслари тўлиқ тежалади. Нотариусларнинг содир этган қилмишлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга етказган зарарлари учун давлат жавобгар бўлмайди. Нотариал хизматларни кўрсатишда соғлом рақобат муҳити яратилади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар сонининг чекланмаганлиги эвазига нотариал идорада навбатда туриш ва ортиқча бюрократия ҳолатларига тўлиқ барҳам берилади. Республика бўйича қўшимча штат бирликлари жорий этиш билан боғлиқ ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларда ишчилар сони, иш вақти ва дам олиш вақти чегараланмаганлиги ҳисобига нотариал хизматлар сифати ва тезкорлиги оширилишига эришилади. Нотариусларнинг фойда кўришга бўлган қизиқиши учун нотариал идоралардаги коррупция омилларига барҳам берилади.
– Хусусий нотариуслар очилиши ноқонуний ҳаракатларни кўпайтирмайдими?
– Ундай эмас. Хусусий нотариуслар фаолияти Адлия вазирлиги томонидан қатъий назорат қилинади. Нотариал ҳаракат билан боғлиқ барча ишлар электрон тизимда бажарилади ва уларнинг тарихи сақланади. Жараёнлар онлайн назорат қилинади, ноқонуний ҳаракатлар тўхтатилади.
Нотариал ҳаракатни расмийлаштириш учун керакли маълумотлар ва шахснинг бармоқ изи тизим орқали электрон текширилиши сабабли уларнинг сохталаштирилишига йўл қўйилмайди.
Тўловлар электрон ҳисобланади ва тўланади, фуқаро смс хабар орқали тўлов суммасини тасдиқлайди. Нотариус ноқонуний ҳаракати натижасида етказилган зарарни тўлиқ қоплайди. Нотариуснинг жавобгарлиги мажбурий суғурталанади.
Бугунги кунда хусусий нотариуслар сони 700 дан ортиқ бўлиб улар аҳолига сифатли ва тезкор хизмат кўрстамоқда.
– E-notarius.uz ахборот портали ишга туширилган. Унинг қандай афзалликлари бор?
– Мазкур ахборот портали республикамиз аҳолиси фойдаланиши учун мўлжалланган. Унда нотариусларнинг жойлашган ўрни, контактлари, уларнинг иш жадвали тўғрисида маълумот олишингиз, шунингдек, нотариус билан учрашувга ёзилишингиз ва нотариусларнинг рўйхати билан танишишингиз мумкин. Ҳафта кунларига қараб вилоят ёки туман бўйича маълумотлар жойланган.
Бундан ташқари, нотариал ҳаракатлар, нотариал ҳаракатни амалга оширгандан кейин нотариус идорасига тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатлар тўғрисида маълумот олиш мумкин. Ушбу ахборот портали мобиль қурилмалар учун ҳам оптималлаштирилган.