Президент ташаббуси – амалда
Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг халқчил тизими яратилгани давлат бошқарув органларига катта масъулият юклаб, одамлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда уларнинг муносиб турмуш кечириши учун қулай шароит яратишга хизмат қилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизимининг самарадорлигини ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган. Шунга мувофиқ юртимизда фуқароларнинг мурожаатлари ва таклифларини кўриб чиқишга йилдан-йилга эътибор, масъулият ортиб бораётир. Зеро, бундан етти-саккиз йил муқаддам катта-кичик раҳбарларнинг халқ билан очиқ мулоқот қилишини, уларнинг мурожаатларини тинглаб, дарду ташвиши билан яшашини, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишга уринишини ҳаёлимизга ҳам келтиролмас эдик.
Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан жорий этилган тизим одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлаётгани, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилаётгани барчага бирдек манзур бўлмоқда.
Сурхондарё вилоятида йўлларнинг носозлиги узоқ йиллар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Ўша йилларда халқ дардини тинглаб, бу масалани ечишга мутасаддиларда масъулият ҳисси бўлмади шекилли, мурожаатлар ҳал этилмай қолаверди. Халқ билан очиқ мулоқот йўлга қўйилгач, одамларнинг ҳақли талаб ва таклифлари эътиборга олина бошланди.
Маълумотларга кўра, вилоятда 16 минг 170 километр узунликдаги автомобиль йўли мавжуд. Унинг 2 минг 843 километр узунликдаги қисми умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари бўлиб, автомобиль йўллари қўмитаси тасарруф этади. 13 минг 327 километри маҳаллий ҳокимликлар балансидаги хўжаликлараро қишлоқ, шаҳар ва аҳоли пунктларидаги кўча йўлларидир. Воҳада 351 километр халқаро, 990 километр давлат ва 1 минг 502 километр маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўли бор.
[gallery-21473]
Якунланган йил вилоятда барча манбалар ҳисобидан 901,1 километр узунликдаги йўл, 20 та кўприк ва йўл ўтказгичда 747,3 миллиард сўмлик йўл қурилиш ишлари амалга оширилди. 517,4 километр ички йўл ҳашар йўли билан таъмирланди. “Ташаббусли бюджет” дастурининг 1-2-мавсумида 145,2 миллиард сўм маблағ эвазига 105 та маҳалладаги 117 объектда 370,1 километр узунликдаги ички хўжалик йўллари тубдан таъмирланди. Махсус дастур асосида 56 миллиард сўм маблағ эвазига 140,9 километр узунликдаги ички хўжалик йўллари ва 3 та таъмирталаб кўприк реконструкция қилинди. “Обод хонадон, обод кўча ва обод маҳалла” дастури доирасида маҳаллаларда бетон қоришмали пиёдалар йўлакчалари ҳам қурилаётир.
Воҳанинг йўл инфратузилмасини тубдан яхшилашга қаратилган бундай эзгу ишлар аҳолининг бу йўналишдаги эътироз ва таклифларини камайтирган бўлса-да, ҳануз давлат бошқарув органларига йўл соҳасига оид ечимини кутаётган мурожаатлар келиб тушмоқда. Жумладан, ўтган йил вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси ва унинг қуйи тузилмалари йўл ва кўприклар масалалари юзасидан 722 та мурожаат қабул қилган. Уларнинг 635 таси жисмоний, 87 таси юридик шахслардан йўлланган.
Йўлсозларнинг айтишича, Бойсун туманидаги тоғли ва чекка Дуоба маҳалласига олиб борувчи йўлдаги яроқсиз ҳолга келиб қолган кўприк ҳам аҳоли мурожаати асосида янгидан барпо этилган.
Тумандаги 4Н1613 “Бойсун – Дуоба” автомобиль йўлининг 27 – 28-километрлари оралиғида жойлашган кўприк кўп йиллардан буён таъмирталаб ҳолатда бўлиб, аҳолига турли ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Бу ерда узунлиги 33, эни 11, баландлиги 18 метрли, икки ёнидан пиёдалар ўтиши учун махсус йўлак ҳам барпо этилган янги кўприк қурилиб, ўтган йил кузида фойдаланишга топширилди.
– Эски кўприк ҳашар йўли билан қурилган эди, – дейди меҳнат фахрийси Рамазон Абдуллаев. – Йигирма йилга яқин хизмат қилди. Сойга кучлироқ сел келса бир тарафини ювиб, яроқсиз ҳолга келтирар эди. Аҳоли биргалашиб, уни қайта тузатгунча, халқимиз ташвишда эди. Замонавий янги кўприк қурилиб, ишга туширилиши билан шу ташвиш унутилди. Бу кўприк фақат Дуобани эмас, ҳудуддаги Қайроқ, Пастки Дуоба ва Гуматак маҳаллаларини ҳам туман маркази билан боғлайди. Эндиликда баҳорнинг кучли ёғингарчилигида ҳам, қишнинг қорли-қировли кунларида ҳам туман марказига хотиржам қатнаймиз. Бундай эътибор учун давлатимиздан миннатдормиз.
Янги кўприкни барпо этиш учун 4 миллиард 900 миллион сўм маблағ сарфланиб, тоғлар қўйнида яшаётган 2 минг 500 дан ортиқ аҳолига бир олам қувонч улашилди. Уларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун қулай шароит яратилди.
– Ўтган йили келиб тушган мурожаатларнинг 207 таси ижобий ҳал этилди, – дейди вилоят автомобиль йўллари бош бошқармасининг мурожаатлар билан ишлаш ва ижро интизомини назорат қилиш бўйича бош мутахассиси Латофат Алимова. – 474 тасига тушунтириш берилди. 33 та мурожаат тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилди. Айни пайтда 8 та мурожаат ўрганиш жараёнида бўлиб, ҳар бир мурожаат ортида инсон, ҳал этилиши лозим бўлган муаммо борлигини ҳис этган ҳолда иш олиб борилмоқда.
Якунланган йил аҳоли мурожаатлари асосида вилоятнинг Қумқўрғон, Шўрчи, Сариосиё, Денов каби туманларида йўл инфратузилмаси тубдан яхшиланиб, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун кенг, равон йўллар барпо этилди. Термиз шаҳридаги қатор ички кўчалар таъмирланди.
– Бош бошқармада диспетчерлик бўлими фаолият юритади, – дейди вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Рустам Норқулов. – Кейинги йилларда аҳоли асосан йилнинг баҳор ва куз-қиш мавсумида табиий офатлар туфайли йўлларда носозлик юзага келганида ёки бирор транспорт ҳодисаси рўй берганида ва йўл билан боғлиқ шу каби ҳолатлар кузатилганида қўнғироқ қилиб, дуч келаётган муаммосини айтади. Таклифлар билдиради. Навбатчи диспетчер бу ҳақда ҳудуддаги бўлимлар масъулларини дарҳол хабардор қилади. Эндиликда бундай мурожаатлар йил сайин камайиб боряпти. Чунки, йўлларда босқичма-босқич қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, аҳолига зарур қулайлик яратилмоқда.
Вилоят йўлсозлари жорий йилда ҳудудлардаги 145,8 километр узунликдаги 47 та йўлда 204 миллиард 200 миллион сўмлик, еттита кўприкда 328 миллиард 700 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаришни мўлжалламоқда. Ҳашар йўли билан чекка ҳудудлардаги 418,9 километр ички хўжалик йўлларига шағал ётқизиш режалаштирилаётир. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар узоқ йиллар эътибордан бироз четда қолган йўл инфратузилмасини ривожлантириб, йўловчилар учун қулай шароит яратиш ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида мурожаатларнинг асосий қисмини маҳаллий даражада қаноатлантириб, такрорий мурожаатлар улушини кескин қисқартиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири