Ноширлик соҳасини қўллаб-қувватлаш инсон капиталига сармоя киритиш демакдир
Китобхонлик ҳақида гап кетганда, кўпинча хаёлимизда шинам кутубхоналар, мутолаа қилаётган ёшлар ва китоб байрамлари гавдаланади. Булар, шубҳасиз, жараённинг энг гўзал ва кўзга ташланадиган жиҳатларидир.
Бироқ бугунги глобал дунёда китоб шунчаки маънавий қадрият эмас, у инсон капиталини шакллантирувчи стратегик ресурсга айланиб улгурди. Айнан шу сабабли, мутолаа занжирининг парда ортидаги энг муҳим ва пойдевор бўғини бўлган ноширлик соҳаси бугун мутлақо янгича қарашни талаб қилмоқда.
Чунки ҳар қандай дурдона асар ҳам ўз-ўзидан китобхонга етиб бормайди. Унинг ортида профессионал таржима, пухта таҳрир, замонавий дизайн ва сифатли чоп этиш каби мураккаб ва машаққатли босқичлар ётади. Бугун Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш фақатгина тарғибот билан чекланиб қолмаётгани, аксинча, китоб яратилишининг бутун бир экотизимини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Узоқ йиллар давомида китоб бозори деганда асосан бадиий адабиёт тушунилгани сир эмас. Бироқ замон ўзгарди, ўқувчининг дунёқараши ва талаби ҳам мутлақо янги босқичга чиқди. Бугун ёшлар, тадбиркорлар ва мутахассислар фақат бадиий асарлар билан чекланиб қолишни истамаяпти. Улар илм-фан, технология, иқтисодиёт, стратегик бошқарув ва бизнес йўналишларидаги ҳақиқий, амалий билим манбаларига эҳтиёж сезмоқда.
Ушбу ижтимоий эҳтиёжни қондириш мақсадида бозорда ихтисослашган хусусий нашриётлар пайдо бўлаётгани қувонарлидир. Президент Шавкат Мирзиёевга 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган кўргазмада таништирилган "Гутенберг" нашриёти лойиҳаси ҳам бунинг яққол исботидир.
Нашриёт шунчаки китоб чоп этувчи корхона эмас, балки жамиятдаги муайян муаммони ҳал қилувчи билим платформаси бўлиши керак. Ёш тадбиркор Равшан Бурхоновнинг таъкидлашича, “Гутенберг” нашриёти айнан мана шу фалсафа асосида ташкил этилган:
— Биз фаолиятимизни бошлашдан аввал "нимадан бошласак экан?" деган савол устида жиддий тадқиқот ўтказганмиз, — дейди нашриёт раҳбари. — Кузатишларимиз шуни кўрсатдики, 2002 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда очилган маҳаллий бизнес субъектларининг катта қисми ўз фаолиятини тўхтатган. Бунинг туб сабабларини ўрганганимизда, биринчи ўринда тадбиркорларимизда бизнесни тўғри юритиш, стратегия белгилаш бўйича етарлича малака ва кўникма етишмаслиги маълум бўлди. Бозорда уларнинг билим ва салоҳиятини оширадиган профессионал адабиётлар деярли йўқ эди. Биз айнан мана шу бўшлиқни — нишонни тўғри ушладик. Уларга глобал даражадаги бизнес мактаблари ва университетларининг энг илғор тажрибаларини ўзбек тилида тақдим этишни мақсад қилдик ва бугунги кунда фақатгина бизнес ҳамда илмий-оммабоп асарларни таржима қилишга ихтисослашдик.
Нашриёт раҳбари Равшан Бурхоновнинг маълумотларига кўра, бугунги кунда улар дунёнинг энг нуфузли илм масканлари Стэнфорд, Оксфорд ва Кембриж университетлари билан расмий ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу ҳамкорлик шунчаки қоғозда эмас, реал натижаларда кўринмоқда.
Стэнфорд университети профессори Илес Трибулаевнинг "Вентуре зеҳният" китоби бор йўғи бир ой ичида 10 минг нусхада сотилди. Гарвард бизнес мактаби билан ҳамкорликда чоп этилган HBR (Harvard Business Review) тўплами эса қисқа муддатда 9 мингга яқин китобхон қўлига етиб борди.
Бу рақамлар шунчаки муваффақиятли савдо кўрсаткичлари эмас. Улар бугунги китобхон замонавий бошқарув, тадбиркорлик ва бизнесга оид ишончли билим манбаларига тобора кўпроқ эҳтиёж сезаётганини кўрсатади. Бу эса мамлакатимизда сифатли, илмий-оммабоп ва касбий адабиётларга бўлган қизиқиш янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Соҳадаги хусусий ташаббусларнинг бундай дадил одимлашига давлат томонидан яратилаётган тизимли шароитлар катта туртки бўлмоқда. Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида янги саҳифа очди.
Ушбу ҳужжат асосида ташкил этилган Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси нашриётларнинг энг катта оғриқли нуқталарига малҳам бўла олди. Жамғарма томонидан муаллифлик ҳуқуқини сотиб олиш, таржимон ва муҳаррирлар меҳнатини қисман қоплаб бериш механизми жорий этилди. Бу эса нашриётларга молиявий таваккалчиликдан қўрқмай, жаҳон брендига айланган энг сара адабиётларни ўзбек тилига ўгириш имконини бермоқда.
Бугунги замонавий нашриётлар ўз моделини мутлақо ўзгартирмоқда. Улар энди шунчаки буюртма олиб, тайёр матнни қоғозга муҳрловчи техник корхоналар эмас. Нашриётлар бугун жамиятдаги муайян интеллектуал муаммоларни ҳал қилувчи профессионал платформаларга айланиб бормоқда.
"Гутенберг" нашриёти мисолида оладиган бўлсак, лойиҳа бошланишидан аввал ўтказилган тадқиқотлар кўплаб маҳаллий бизнес субъектларининг айнан замонавий билим ва бошқарув малакаси етишмаслиги сабабли инқирозга учраётганини кўрсатган. Демак, энг илғор бизнес мактаблари тажрибасини ўзбек тилига маҳаллийлаштириш бу шунчаки китоб чиқариш эмас, балки мамлакат ички иқтисодиёти ва инсон капиталига тикилган тўғридан-тўғри инвестициядир.
Бугун Ўзбекистонда китобга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Китоб энди фақатгина бўш вақтни мазмунли ўтказиш ёки маънавий етуклик воситаси эмас. У иқтисодий тараққиёт, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва инновацион фикрлайдиган жамият қуришнинг энг асосий стратегик ресурсидир.
Билимга сармоя киритаётган жамият ўз келажагига энг ишончли сармояни киритган бўлади. Китобхонлик ва ноширликни қўллаб-қувватлашга қаратилган бугунги ислоҳотларнинг асл моҳияти ҳам айнан мана шу ҳаётий фалсафага асосланади.
Марҳабо Ҳожиакбарова, ЎзА