Бугун Норвегияда миллий байрам. 1814 йилдан буён ушбу мамлакат мустақиллик, миллий бирлик ва демократия қадрияти рамзи - Конституция куни (Grunnlovsdagen)ни нишонлади. Бошқа кўплаб давлатлардан фарқли ўлароқ, бу юртда миллий кун ҳарбий парад билан ўтмайди: биринчи навбатда болалар ва фуқаролик жамияти байрами ҳисобланади.
1814 йил 17 май куни Эйдсвол шаҳрида Норвегия Конституцияси қабул қилинган. Мамлакат Дания билан 400 йиллик иттифоқдан сўнг мустақиллик сари қадам ташлаган. Тез орада Швеция билан иттифоқ тузган бўлса-да, мазкур сана миллий ўзига хосликнинг муҳим рамзи бўлиб қолди.
Аввалига бу байрам турли тарзда тақиққа дучор бўлган. Фақат XIX аср ўрталарида, чеклов олиб ташлангач, Конституция куни бутун мамлакат бўйлаб кенг нишонлана бошлади.
Бу куннинг ўзига хос хусусияти шундаки, бутун мамлакат бўйлаб болалар паради (barnetog) бўлиб ўтади, мактаб ўқувчилари байроқ кўтариб, оркестр ҳамроҳлигида юриш қилади.
Аҳоли минтақадан келиб чиқиб, турли ранг ва услубда ўзгарадиган анъанавий халқ камзули – бюнад кияди. Ушбу кийим миллий ғурур ва маданий мерос тимсоли саналади.