Марказий Осиё халқаро институтида Норвегия Таҳририятларассоциацияси аъзоси, “Geopolitika.no” нашри бош муҳаррири Хенрик С.Веренскиольд билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларини экспертлик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, бундай учрашувлар минтақавий тараққиётга оид мувофиқлаштирилган ёндашувлар ишлаб чиқиш учун муҳим майдонга айланиб бормоқда.
Томонлар Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасидаги мунтазам мулоқот хавфсизлик, иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш соҳаларида қўшма ташаббуслар илгари суриш учун мустаҳкам замин яратишини таъкидладилар.
Хенрик С.Веренскиольд сўнгги йилларда минтақамиз давлатлари ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш ва “Марказий Осиё+” каби кўп томонлама форматларни ривожлантиришда изчил ютуқларга эришаётганини эътироф этди.
[gallery-24041]
Хусусан, Қирғизистон – Ўзбекистон – Хитой транспорт йўлаги каби йирик инфратузилма лойиҳалари минтақавий интеграция ва иқтисодий ўсиш учун янги имкониятлар очиб бераётгани алоҳида қайд этилди.
Томонлар Европа шимолидаги давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик амалиёти – “Nordic Council” тажрибасини муҳокама қилиб, минтақавий платформаларни мустаҳкамлаш ва экспертлар алмашинувини кенгайтириш зарурлигини маъқулладилар. Шунингдек, Марказий Осиёдаги жараёнларни таҳлил қилиш, эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаш салоҳиятини ривожлантириш, минтақа ва Шимолий Европа эксперт доиралари ўртасидаги касбий алоқани чуқурлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар минтақавий тараққиёт мавзуси юзасидан доимий мулоқотни давом эттириш, экспертлар даражасида фикр алмашинувини йўлга қўйишга ўзаро қизиқиш билдирдилар.
“Geopolitika.no” халқаро сиёсат, хавфсизлик ва глобал тенденциялар йўналишларига ихтисослашган Норвегиянинг етакчи таҳлилий нашри сифатида ўз таркибида дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган воқеаларни чуқур таҳлил қилувчи экспертлар ва журналистларни жамлаган.
Ғ.Хонназаров, ЎзА