Норов Германия делегациясини қабул қилди
Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ижрочи директори Михаэль Хармс бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов билан учрашди.
Бир неча кун давомида юртимизда бўлиб, жумладан, Ўзбекистон – Германия ишбилармонлар Кенгаши йиғилишида иштирок этган жаноб Хармс дастлаб диёримизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, давлат ва жамият ҳаётида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар хусусида фикр билдирди.
Германия ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистонга инвестиция ва экспорт салоҳиятига эга давлат сифатида қараши, шу боис ўзаро алоқани янада ривожлантиришга қизиқиш ортиб бораётгани қайд этилди.
Энергетика, машинасозлик, фойдали қазилмаларни қайта ишлаш ва тўқимачилик соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича аниқ чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида ахборот-коммуникация технологиялари йўналиши стратегик шерикликнинг истиқболли йўналиши этиб белгилангани маълум қилинди. Европа давлатларида Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари соҳасидаги имконияти тақдимотини “road show” кўринишида ташкил этиш масаласини ўрганишга келишилди.
Республикамизда касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантиришга Германия компаниялари ва мутахассисларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-7865]
Б.Худойбердиев,
О.Мирсоатов (сурат),ЎзА