Ноқонуний реклама жазосиз қолмади
Жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшлар онгида зарарли одатларга нисбатан иммунинет шакллантириш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис, амалдаги қонунчиликда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарғиб қилиш, уларни оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат жойларида реклама қилиш қатъий тартибга солинган.
Шундай чекловларга қарамасдан, баъзи корхоналар томонидан бу талаблар инкор этилиши ҳолатлари кузатилмоқда. Яқинда ана шундай ҳолат аниқланиб, алкоголь маҳсулотини реклама қилган корхонага нисбатан тегишли молиявий жарима қўлланилди.
Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқларида ҳамда ташқи реклама воситаларида жойлаштирилган реклама материалларининг реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мослиги юзасидан тизимли равишда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш ишлари натижасида, вилоятда фаолият олиб борувчи “LUTFILLA FAYZ” МЧЖ томонидан алкоголь воситалари рекламасини қўйиш ҳолатлари аниқланди. Бу эса “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасига асосан ҳар қандай қувватдаги алкоголь маҳсулотларининг рекламасига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатига мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонуни талаблари бузилиши аломатлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низомига мувофиқ “LUTFILLA FAYZ” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Ушбу қарордан барча тадбиркорлик субъектлари хулоса чиқариши лозим. Чунки қонун талабларига риоя қилиш нафақат жавобгарликдан қутқаради, балки бизнеснинг жамиятдаги обрўси ва барқарор фаолиятини таъминлайди. Давлат назорати эса бундан буён ҳам ушбу соҳадаги қонунбузилишларни бартараф этишга қаратилган тизимли ишлар билан давом этади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА