Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси, Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида жорий йилнинг 9 ойи давомида соҳада амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудлардаги ходимлари жами 336 та ҳолатда 25,7 гектар ер майдони жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаш ёки ноқонуний қурилиш қилиш ҳолатларини аниқлаган.
– Мазкур қонунбузилишларнинг 211 тасидаги ўзбошимчалик билан эгалланган 8,2 гектар ер майдонида аниқланган ноқонуний қурилишлар бартараф қилиниб, ер майдони ўз ҳолатига қайтарилди, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Дониёр Нишонов. – Давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузган 2344 нафар юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди. Кадастр агентлиги органларига тааллуқлилиги бўйича ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш ҳолатлари бўйича 453 та, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш ҳолатлари бўйича 11 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди. Шу билан бирга тасдиқланган ер тузиш лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш, тегишли органлар билан келишмай туриб объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни бузиб кўрсатиш, ахборотларни беришдан бўйин товлаш ёки нотўғри ахборот бериш ҳолатлари бўйича 1044 та, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига, бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик ҳолатлари бўйича 830 та, эгаликдаги, фойдаланишдаги ерларнинг чегара белгиларини, геодезик пунктлар ва ўрмонлардаги чеклов белгиларини йўқ қилиш ёки шикастлантириш юзасидан 6 та маъмурий ҳуқуқбузарлик расмийлаштирилди.
[gallery-9201]
Ҳозирда Давлат кадастрлари палатаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кадастр паспорти тайёрлаш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни, ипотека ва ижара шартномалар ва сервитут тўғрисидаги келишувларини давлат рўйхатидан ўтказиш, манзил (геокод), фуқароларнинг номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома ва аукционга чиқариладиган ер участкаларига хулоса бериш, шунингдек, қурилиши тугалланган биноларни фойдаланишга қабул қилиш каби 8 та давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Бугунги кунга қадар Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан аҳоли учун 484 та кадастр сёмка ишлари амалга оширилди. 2 553 та якка тартибдаги уй-жойлар, 3 570 та квартиралар, 1 104 та нотурар жой объектларининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди. Нотурар жой объектларига мўлжалланган ер участкаларининг 320 тасига ер кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди.
– Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 20 минг 475 та турар ва нотурар жой объектлари, 63 та ижара ҳуқуқи, 2 минг 533 та бино ва иншоотларнинг ипотека шартномалари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, номида турар-жой борлиги (йўқлиги) ҳақида 109 сўровномага жавоб берилди, – дейди Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Мансур Носиров. – Айни пайтда вилоятда жами 270 мингдан ортиқ кўчмас мулк объектлари мавжуд бўлиб, 3 минг 627 та янги кўчмас мулк объектларига манзил берилди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган қурилаётган кўп қаватли уйлар учун ажратилаётган ер майдонлари, ердан фойдаланишда ижара ҳуқуқи, ҳуқуқий ҳужжати бўлмаган уй-жойларга кадастр ҳужжатларини бериш тартиби каби саволларга жавоблар қайтарилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА