Сўнгги йилларда халқимиз ҳаёти ва фаровонлигининг асоси бўлган ердан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ерлари муҳофаза қилинишини таъминлаш, уларнинг меъёрий қиймати ҳамда сифат кўрсаткичларини аниқлаш устувор вазифалардан бирига айланди.
Аммо, минг афсуски, ер ресурсларини талон-тарож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний сотиш ҳамон учраб турибди.
Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси туман бўлимлари, жумладан, Янгиобод ва Фориш туманларида ҳам соҳа мутахассислари томонидан ҳудудларда ер ва кадастр назорати борасида доимий равишда назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра Янгиобод тумани бўйича 67 та ҳолатда жами 19,6 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатларини содир этган шахсларга нисбатан муаммони бартараф этиш юзасидан ёзма кўрсатмалар берилиб, 50 та ҳолатда 13,6 гектар ер майдонида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари жойида бартараф этилиб, давлат захирасига қайтарилиши таъминланди.
Жумладан, туман бўлими инспекторлари томонидан Янгиобод маҳалласи ҳудудида яшовчи фуқаро томонидан давлат захирасида бўлган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, уй-жой учун пойдевор қурганлик ҳолати аниқланди. Ушбу ер майдони ўша фуқаро томонидан ихтиёрий равишда ўз ҳолатига қайтарилди.
Шунингдек, Фориш тумани бўйича 46 та ҳолатда жами 7,4 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги маълум бўлди. Қонунбузилиш ҳолатларини содир этган шахсларга нисбатан муаммони бартараф этиш юзасидан ёзма кўрсатмалар берилиб, 31 та ҳолатда 7,2 гектар ер майдонида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари жойида бартараф этилиб, давлат захирасига қайтарилиши таъминланди.
Шу ўринда таъкидлаш лозим, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси 2-қисмида “Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш” фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, мансабдор шахсларга эса 50 баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. Ушбу модданинг 3-қисмида эса “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш” учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари, мансабдор шахсларга эса 300 баравари миқдорида жарима солиниши белгиланган.
Ерга оид қонунбузилиши ҳолатлари ҳар доим ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлмайди. Шундай ҳолатлар борки, уларда ер билан боғлиқ жиноят аломатлари кузатилади. Мисол учун, суғориладиган ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб, унда қурилиш қилганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Суғориладиган ерни сотиш ёки уни қонунга хилоф тарзда ўзгага бериш учун ҳам жиноий жавобгарлик мавжуд эканини таъкидлаб ўтиш жоиз. Агар ушбу ҳаракатлар оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, 8-10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилади.
Кадастр органлари ходимлари томонидан мунтазам равишда прокуратура, суд органлари, солиқ идоралари, мажбурий ижро бюроси каби тегишли соҳа вакиллари билан ҳамкорликда ер назорати бўйича амалий ишлар олиб борилади.
Нодир Сидиқов,
Кадастр агентлиги Жиззах
вилояти бошқармаси бошлиғи.
ЎзА