Ноқонуний қурилган иншоотлар бузилмоқда
Қиш бўлса-да, кунлар исиб бораётгани боис, Андижонда халқимизга хос анъаналар – ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, тозалик ишлари бошлаб юборилди.
Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров шаҳардаги Боғи Эрам ва Янги ҳаёт маҳаллаларида бўлиб, кўча ва гузарлар, кўп қаватли уйлар атрофидаги тозалов ишлари билан танишди.
Шаҳар ҳокими, мутасадди раҳбарлар ҳудудда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган савдо дўконлари эгалари билан учрашиб, ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширмаслик, йўл ёқалари, ҳудуднинг обод ва озодалигини таъминлаш юзасидан тавсия ва таклифлар берди.
[gallery-1063]
Танишув жараёнида айрим тадбиркорлар томонидан ўзбошимчалик билан рухсатсиз қуриб олинган иншоотларни олиб ташлаш кераклиги таъкидланди.
– Баъзи бир тадбиркорларимизнинг ҳеч қандай рухсатсиз, белгиланган талабларга жавоб бермайдиган кўримсиз дўконлар қуриб олганлиги нафақат савдо-сотиқ талабларига зид, балки кўчаларимиз кўркини ҳам бузади, – дейди “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мансурбек Баҳромов. – Шу боис, бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик ва мавжудларини бартараф этиш бўйича шаҳар ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА