Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган ҳар қандай текшириш, мониторинг ва назорат тадбирларида адолат мезонлари ва қонун устуворлиги муҳим саналади. Бу борада Бизнес-омбудсман девони вакиллари тадбиркорларнинг ишончли вакилига айланиб улгурган.
Шу сабаб девонга тадбиркорлар томонидан юзлаб мурожаатлар келиб тушади. Масъуллар бу мурожаатларнинг ҳеч бирини эътибордан четда қолдирмайди.
Шунга кўра, ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувлар тартиби билан боғлиқ тарқалаётган турлича талқинлар хусусида Бизнес-омбудсман матбуот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова қуйидагиларни гапириб берди:
– Бугунги кунда журналистлар ва жамоатчилик томонидан “Инсон ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатларда, жумладан, хусусий клиникалардаги ўлим, газ заправкаларда портлаш ҳолатлари, экологияга зарар етказаётган корхоналардан чиқаётган заҳарли газлар каби ҳолатларда нега назорат органлари зудлик билан чора кўриш ўрнига Бизнес-омбудсмандан розилик олиши керак?” деган саволлар кўп бериляпти. Шу саволларга аниқлик киритиш мақсадида тегишли қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ҳақида айтиб ўтсам.
Хусусан, 2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар Бизнес-омбудсманни “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали хабардор қилиш тартибида ўтказиб келинмоқда. Яъни, текширувчи тадбиркорни текширишга асоси бўлса, шу тизимга киради, текширув ўтказиш билан боғлиқ ҳамма ҳужжатни базага киритади ва текширувга чиқади.
Бунда Бизнес-омбудсман билан текширувларни келишиш тартиби бутунлай бекор бўлган. Ҳозирги кунда ҳеч қайси назорат қилувчи орган текширув ўтказмоқчи бўлса, Бизнес-омбудсман билан келишмайди.
Бундан ташқари, инсон соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган ва тезкорлик билан чора кўришни талаб қиладиган ҳолатларда текширувлар ҳаттоки текширув бошланганидан сўнг 24 соат ичида махсус платформа орқали хабардор қилиш тартибида ўтказилади.
Хўш, нега қонунчиликка бу ўзгариш киритилди, яъни келишув тартиби бекор бўлди. Айнан мана шу юқоридаги каби ҳолатларда, кўрсатилаётган хизматлар ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати паст бўлган, инсон саломатлиги ва ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларда тезкорлик билан чора кўра олиш ва вақт йўқотмаслик мақсадида жорий этилди.
Шу ўринда тадбиркорларимизда ва кенг жамоатчиликда “Текширувлар қонунийлиги қандай мониторинг қилинади? Бу нарса асоссиз текширувларга ва текширувлар кўпайишига олиб келмайдими?” деган саволлар туғилиши табиий. Бу жараён тўлиқ рақамли платформа орқали амалга оширилади. Шунинг учун хам текширув ҳақида барча маълумотлар платформага киритилиши жуда муҳим. Платформага кирмай қолган текширувлар ҳақида маълумотлар ўз-ўзидан мониторинг жараёнидан ва жавобгарликдан четда қолади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида ноқонуний ўтказилган текширувлар ва текширув тартибини бузиш ҳолатлари бўйича 729 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Бунда агарда инсон соғлиғи ва ҳаёти билан боғлиқ ҳолатларда текширув ўз вақтида ўтказилмаётган бўлса, текширувларни келишиш амалиётини сабаб қилиб кўрсатмасликни ва кенг жамоатчиликни чалғитувчи маълумотларни тарқатмаслик керак деб ўйлайман.
Гулноза Бобоева, ЎзА