Ноқонуний иш келтирар ташвиш
Жиззах вилояти марказидаги “Кўкбозор” деҳқон бозори ҳудудидаги ноқонуний қурилмалар суд қарорига асосан бузилмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг жорий йил 6 февралдаги жавобгар Б.Ражабовга тегишли Жиззах шаҳар Мирзо Улуғбек номли маҳалла фуқаролар йиғини “Зомин” кўчаси ҳудудида жойлашган 20 квадрат метр ер майдонидаги ноқонуний равишда қуриб олинган енгил конструкция контейнер кўчма дўконни буздириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мажбурий ижро бюросининг Жиззах шаҳар бўлими иш юритувига жорий йилнинг 7 март куни келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган.
Ижро ҳаракатлари давомида мазкур қурилма мажбурий тартибда белгиланган ҳудуддан кўчирилди. Шунингдек, жавобгар И.Ҳайдаровага тегишли Жиззах шаҳри Мирзо Улуғбек МФЙ ҳудудида жойлаштирилган енгил конструкцияли контейнер ва жавобгар К.Камоловага тегишли худди шу МФЙ ҳудудидан ўтувчи “Олмачи” суғориш тизими устига ўрнатилган 14 квадрат метр жойда ўзбошимчалик билан қурилган қурилма (контейнер)ни буздириш тўғрисидаги ижро варақаларига асосан Кадастр агентлиги Жиззах шаҳар бўлими фойдасига контейнерлар мажбурий тартибда кўчирилди.
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлиги учун фуқаро Б.Ражабов ҳамда И.Ҳайдароваларга нисбатан 7 миллион 500 минг сўм жарима чораси ҳамда ижро ҳужжатини ихтиёрий муддатда бажармаганлиги сабабли 1 миллион 500 минг сўм ижро йиғими қўлланилган.
Агар фуқаролар қонун доирасида қурилиш қилганида ёки давлат ижрочисининг қонуний талабларини ўз вақтида бажарганида ортиқча харажатга тушиб, қўшимча ташвишга қолмаган бўлар эди.
А.ҚАЮМОВ,
ЎзА