Сурхондарё вилоятида ичимлик суви тармоғига ноқонуний уланиш ва сувдан мақсадсиз фойдаланишга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда.
“Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти ҳамда вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимларининг навбатдаги рейд тадбирлари Шеробод туманидан бошланди.


– Дунёда юз бераётган ичимлик суви танқислиги бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ, – дейди “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Ўрақали Диёров. – Эндиликда истеъмолчилар онгига тоза сувнинг қадрига етиш ва об-ҳаёт текин эмаслигини чуқур сингдириш баробарида уларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда шартномасиз ичимлик сувидан фойдаланиб келган истеъмолчилар, сув тармоқларига ноқонуний уланган ташкилот ва муассасалар, қарздорлар аниқланиб, тегишли чора қўлланилмоқда.


Шеробод туманидаги тадбир чоғида ичимлик сувидан шартномасиз фойдаланиб келаётган бир истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилди. Ичимлик суви тармоғига ноқонуний уланган 64-умумтаълим мактаби 1 миллион 90 минг сўм жаримага тортилди. Новбур, Халқобод маҳаллаларида беш нафар истеъмолчи билан янгидан шартнома тузилиб, уларга ичимлик сувидан юзага келган 1 миллион 350 минг сўм қарздорликни тўлаш юзасидан огоҳлантириш хати берилди.
Туманда ҳамкорликдаги рейд тадбирлари давом этаётир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири