
Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилиниб, ўтган 2024 йилнинг ноябрь ойида кучга кирган эди.
Бугунги кунда мазкур қонунда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
– Қонунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар қуйидаги механизм ва қатор босқичлар асосида эътироф этилиши белгиланган, – дейди Андижон вилояти адлия бошқармаси шўъба бошлиғи Азамат Абидов. – Яъни жараёнлар қуйидаги босқичларда амалга оширилади.
Биринчи босқичда – Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бўлинмалари томонидан автоматлаштирилган ахборот тизимида тегишлича ижара ва мулк ҳуқуқини эътироф этиш масаласи кўриб чиқиладиган ер участкасининг, бинонинг ва иншоотнинг электрон йиғмажилди яратилади ва “E’TIROF” AATга бириктирилади.
Иккинчи босқичда – икки ой муддатда 20 га яқин ваколатли ташкилотлар юборилган электрон йиғмажилдни кўриб чиқиб, зарур маълумот ва ҳужжатларни автоматлаштирилган ахборот тизимига киритади (бириктиради).
Учинчи босқичда – автоматлаштирилган ахборот тизимида тўлиқ шакллантирилган электрон йиғмажилд маълумотлари ўзини ўзи бошқариш органлари биноларининг эълонлар учун бурчакларида, Кадастр агентлигининг расмий веб-сайтида ҳамда бошқа ахборот манбаларида бир ой давомида жамоатчиликка эълон қилинади.
Тўртинчи босқичда – вилоят адлия бошқармаси томонидан электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар ушбу қонун талабларига мувофиқлиги жиҳатидан ўрганилиб, хулосалар тизимга киритилади.
Бешинчи босқичда – тегишли шахслар томонидан бир марталик тўловлар амалга оширилади. Бир марталик тўловлар Тошкент шаҳрида БҲМнинг 5 баравари, вилоят марказларида БҲМнинг 3 баравари, вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда БҲМ нинг 2 баравари, туманларда БҲМ нинг 1 баравари миқдорида амалга оширилади.
Олтинчи босқичда – тегишли шахслар томонидан бир марталик тўлов тўланган тақдирда, электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар халқ депутатлари вилоят Кенгашига навбатдаги сессияда (мажлисда) кўриб чиқиш учун юборилади ҳамда Кенгаш томонидан кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилиниши белгиланган.
Еттинчи босқичда – Кенгаш томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари эътироф этилган шахслар ушбу ҳуқуқларни белгиланган тартибда кадастр органлари орқали давлат рўйхатидан ўтказади.
Ҳозирда мазкур қонун ижроси юзасидан Андижон вилоятида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳозирга қадар кадастр органлари томонидан вилоят бўйича 4 минг 961 та кўчмас мулк объектининг электрон йиғмажилди “E’TIROF” AATга киритилди. Шундан 3 минг 756 таси муҳокама, яъни ваколатли ташкилотлар томонидан хулосалар бериш жараёнида, 990 тасининг муҳокама жараёни якунланиб, жамоатчиликка эълон қилинган.
Айни пайтда Андижон вилояти адлия бошқармасига юзга яқин ҳужжатлар хулоса бериш учун тақдим этилган бўлиб, улар бошқарма томонидан кўриб чиқилиб, дастлабки элликка яқинига ижобий хулосалар берилди. Ижобий хулоса берилган 20 та ҳужжатга бир марталик тўловлар амалга оширилди. Ана шу 20 нафар фуқаронинг уй-жойларга бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш масаласи халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА мухбири