Ноқонуний чиқиндихоналар бартараф этилмоқда
Бутун юртимиз бўйлаб тозалик ойлиги тадбирлари бошланди. Мазкур тадбирлар доирасида жамоат жойлари, яшаш ҳудудлари, йўллар, ариқлар ва яшил ҳудудлар атрофидаги чиқиндилар йиғиштирилиб, ҳудудлар тартибга келтирилмоқда.
Тозалик ойлиги доирасида Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларида турли тадбирлар, акциялар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, вилоятнинг Жондор туманида жойлашган Пахтакор маҳалласи ҳамда туман Эко бозорида инспекторлар томонидан назорат рейд тадбирлари ўтказилди.

Олиб борилган назорат рейд тадбирлари давомида белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаган 3 нафар фуқаро аниқланиб, уларга нисбатан 1 236 000 сўм жарима қўлланилди.
Шунингдек, тадбирлар доирасида Вобкент тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекторлари томонидан туман ҳудудида навбатдаги назорат рейд тадбири ўтказилди. Унда икки нафар фуқаро томонидан чиқиндиларни белгиланган жойлардан ташқарига ташлаш ҳолатлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан 824 000 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
Шунингдек, аҳолига чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш, атроф-муҳитни тоза сақлаш ва санитария қоидаларига риоя этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Бухоро шаҳар, Пешку, Когон, Қоровулбозор, Жондор, Шофиркон ҳамда Ғиждувон туманларнинг ҳудудларида аҳоли томонидан ташлаб кетилган турли маиший чиқиндилардан ноқонуний чиқиндихона ҳосил бўлганлиги инспекторлар томонидан аниқланди. Давлат инспекторлари томонидан махсус техникалар жалб қилиниб, чиқиндихоналар тўлиқ бартараф этилди.

Республика миқёсида давом этаётган “Тозалик ойлиги” тадбирлари доирасида Бухоро вилоятида ҳам атроф-муҳитни асраш, чиқиндиларни тўғри бошқариш ва ҳудудларда экологик тозаликни таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, вилоят Экология бошқармаси инспекторлари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида туман ва шаҳар ҳудудларида назорат рейд тадбирлари ўтказилди. Рейд тадбирида белгиланмаган жойларга маиший ҳамда қурилиш чиқиндиларини ноқонуний ташлаш билан боғлиқ 42 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан 42 нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси 1-қисми билан жами 23 миллион 690 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди.
Вилоят прокуратураси раҳбарлигида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелдаги “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сонли “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талабларини ижроси ҳам ўрганилмоқда.

Ўрганишларда Бухоро шаҳридаги “Марказий чиқинди полигони” ва Ромитан туманидаги “Чиқинди полигони”да соҳани рақамлаш тизимини жорий этиш борасида амалга оширилган ишлар, маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш ҳамда қайта ишлаш жараёнларига хусусий секторни давлат-хусусий шериклик асосида жалб этиш масалалари таҳлил қилинди.
Ўрганиш натижасида соҳада мавжуд камчиликлар юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.