
Ватанимиз тарихидаги 2 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1680 йил (бундан 345 йил олдин) – аштархонийлар сулоласидан бўлган эллик беш ёшли Субҳонқулихон Қарши шаҳрида хонлик маснадига кўтарилди. Тарихчи Муҳаммад Юсуф Муншийнинг ёзишича, кексайиб қолган Бухоро хони Абдулазизхон укаси Субҳонқулихонга Бухоро хонлиги тахтини топшириб, ўзи ҳажга жўнайди. Бухородан Муҳаммад Бокир Хожа Жўйборий бошлиқ киборлар, амирлар Қаршига янги хонни қутлаш, унинг номини хутбага қўшиб ўқиш, тангаларга номини зарб этиш билан шарафлаш учун Қаршига келадилар. Қарши бу йилларда, яъни XVII асрнннг 80-йилларида Бухоро хонлигида пойтахтдан кейинги асосий шаҳарлардан бири даражасига кўтарила боради.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Субхонқулихон саройда табибларни йиғиб, табобат борасида илмий анжуманлар ўтказиб турар эди. Унинг амалий тиббиёт билан шуғуллангани маълум эмас, аммо тибга оид иккита асари борлиги маълум. Субхонқулихоннинг китоблари ўзбек тилида ёзилган биринчи тиббий асарлар сифатида тиббиёт тарихида муҳим ўрин тутади. Китобнинг ўзбек тилида ёзилиши ҳақида муаллиф бундай деб ёзган эди: “ўтмишдаги табиблар бизга араб ва форс тилларида ёзилган асарлар қолдирганлар. Мен турк (ўзбек) тилида ёзилган тиббий китоб учратмадим. Маҳаллий аҳоли араб ва форс тилида ёзилган китоблардан фойдалана олмайди. Шунинг учун мен ўз китобимни турк (ўзбек) тилида ёздимки, ундан ўзимизнинг одамлар фойдалансинлар”.
Субҳонқулихон мамлакат раҳбари сифатида фуқаро соғлиғини сақлаш ишларига ҳам маълум даражада эътибор берган. Маълумки, Ўрта Осиё шароитида ёзнинг иссиқ кунларида аҳоли ўртасида ич кетиш касаллиги кўпаяди. Шунинг олдини олиш учун Субҳонқулихон новвойлар нон юзига кунжут уруғини сепиб ёпсинлар, деган фармон чиқарди. Кунжут аввало ўзи хушбой ҳидли, ёқимли, иккинчидан эса у ич кетишни тўхтатади. Фармон билан бошланган бу тадбир ҳозир одат тусига кирган.
1876 йил (бундан 149 йил олдин) – Петербургда сафарда бўлган Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфман генерал-губернаторлик маркази Тошкент шаҳрига телеграмма жўнатиб, унда Қўқон хонлиги йўқ қилиниб, унинг ўрнида маркази Янги Марғилон шаҳри бўлган Фарғона вилоятини ташкил қилишни буюрди.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – “Қозоли мусулмон театр тўгараги” томонидан ўзбекча-татарча спектакль намойиш этилди. Спектаклга томошабинлар шунчалик кўп тўпланган эдиларки, чипталар етишмаганидан одамларни киритиш учун назорат маркаларидан ҳам фойдаланилган. Шу куни олинган 470 рубль 14 копеек соф фойда тўгарак ихтиёрида қолдирилган.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Тошкентда кутубхона ходимларининг конференцияси бўлди. Конференция бутун кутубхоначилик ишини бирлаштириш учун Марказий кутубхоначилик комиссияси тузиш тўғрисида қарор қабул қилди ва кутубхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг тарғибот ишлари олиб боришни муҳим вазифалардан бири деб белгилади.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Заҳро Раҳимбобоева таваллуд топди (вафоти 1992 йил). У 1947–1950 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси бўлим мудири, 1950–1951 ҳамда 1956–1963 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси котиби лавозимларида ишлади.
Дастлаб 1954–1955 йилларда Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган бўлса, икки бора – 1963–1967 ҳамда 1981–1986 йилларда Ўзбекистоннинг маданият вазири бўлди.
Заҳро Раҳимбобоева 1967–1973 йилларда қароргоҳи Берлин шаҳрида бўлган Халқаро демократик хотин-қизлар федерацияси котиби – СССР вакили; 1973–1977 йилларда Ҳиндистонда СССР элчихонасининг Фавқулодда ва Мухтор маслаҳатчи-элчиси вазифаларини бажарди.
У 1977–1981 йилларда СССР Ташқи ишлар вазирлигида Бошқарма бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлади. Маданият вазирлигидан истеъфога чиққан Заҳро Раҳимбобоева умрининг охирига қадар Ўзбекистон “Ватан” жамияти Президиумининг раиси сифатида фаолият кўрсатди.
1929 йил (бундан 96 йил олдин) – “Ўзбекистон ССРнинг шаҳар ва шаҳар пунктлари рўйхатини тузиш тўғрисида” карор қабул қилинди. У ҳуқуқий жиҳатдан шаҳарлар мақомини белгилаш борасида қўйилган дастлабки қадам бўлди. Қарорга асосан шахарлар рўйхати тузилиб, унга 15 га яқин шаҳарлар киритилди.
2001 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий таваллудининг 560 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳукумати вакиллари иш тирокида “Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темир йўл лойиҳасини қуриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши ўтказилиб, унда томонлар ўртасида “Йўл харитаси” имзоланди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “«Ёш гвардиячилар» болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – “2023–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида уруғчилик ва кўчат етиштиришни ривожлантириш миллий дастури” тасдиқланди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА