Нон маҳсулотлари нархи ошмаган
Корхонада ишлаб чиқарилаётган қолипли нон истеъмолчиларга 1500 сўмдан сотилмоқда.
Давлат солиқ хизмати ходимлари Бухоро шаҳрида қолипли нон маҳсулотлари нархларини сунъий оширмаслик борасида нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Ходимлар шаҳардаги «Олтин бошоқ иссиқ нони» масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёни, айни карантин даврида аҳолининг доимий талабига эга бўлган қолипли нон маҳсулотлари нархларини сунъий оширмаслик борасида тушунтириш ишларини олиб борди.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган қолипли нон истеъмолчиларга 1500 сўмдан сотилмоқда. Улгуржи бозорда эса 1300 - 1400 сўмдан етказиб берилаётир.
– Корхонамизда 15 турдаги нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, – дейди корхона раҳбари Шуҳрат Васиев. – Пандемия даврида ун маҳсулотига бўлган захирамиз етарли ва аҳолига қолипли нон маҳсулотларини ўртача 1300 сўмдан 1500 сўмгача бўлган нархларда етказиб беряпмиз.

Бухоро вилояти ДСБ матбуот хизматининг хабарига кўра, ходимлар «Омад бахт қувонч» корхонасида ҳам бўлиб қолипли нон маҳсулоти нарх-навосини ўрганди. Аниқланишича, ушбу нон ишлаб чиқариш корхонасида ҳам пандемия давридан олдин қолипли нон маҳсулоти 1400 ва 1500 сўмдан сотилган бўлса ҳозирда ҳам шу нархда аҳолига етказиб берилмоқда.
Бу борадаги ўрганишлар шаҳардаги барча савдо шохобчаларида ўтказилди. Савдо мажмуаларидаги қолипли нон маҳсулоти етказиб берувчилар томонидан 1300 сўмдан ҳамда 1400 сўмдан етказилмоқда. Озиқ-овқат дўконларида ушбу нон маҳсулоти 1500 сўмдан аҳолига сотилмоқда. Нархларда эса ўзгаришлар кузатилмаган.