Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятимизнинг бир қисми ва тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида соҳада қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Эндиликда ногиронликни белгилашда врачлик маслаҳат комиссиялари ўрнига 18,5 минг оилавий шифокорлар бемор тиббий ҳужжатларини ўрганиб, эксперт комиссиясига ўзи йўналтиради. Бу орқали вақт ва навбатлар анча қисқаради.
Одатда, врачлик маслаҳат комиссиялари томонидан бир беморнинг ҳужжатини ўрганиш учун 40-45 минут вақт талаб этилган. Эндиликда бемор касаллиги тўғрисида автомат шаклланадиган маълумотлар 6 тадан 33 тага кўпайиб, маълумотларни тўлдиришга кетадиган вақт 2 соатдан 20-25 дақиқагача қисқарди.
Авваллари бемор касалликка алоқаси бўлмаган кўплаб текширувлардан ўтиши керак эди. Бунга мисол, оёқ ампутациясига дучор бўлган бемор биохимик текширувлар, қон ва пешоб умумий таҳлили, ЭКГ, рентген, терапевт, невролог, хирург ва травматолог хулосаси талаб этилган. Бу эса бемор учун ўртача 400-500 минг сўм атрофида харажат дегани эди. Беморларни текширувлардан ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилиб, энди, бемор фақат стандартда кўрсатилган текширувдан бепул ўтади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА