Ногиронлиги бор юртдошларимиз референдумга бефарқ эмас
Термиз шаҳрида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти “Янгиланаётган Конституция–ижтимоий ғамхўрлик кафолати” мавзуига баағишланган учрашув ташкил этди.
Сурхондарё вилоят ва туман, шаҳар ногиронлар жамияти мутасаддилари, ногиронлиги бор шахслар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси биринчи ўринбосари Ботир Омонтурдиев, жамият Марказий бошқаруви ҳуқуқшуноси Ғолибжон Эгамбердиев, Сурхондарё вилоят ногиронлар жамияти раиси Нусратулло Саидов ва бошқалар янги таҳрирдаги Асосий Қонунимизга халқимиз хохиш-иродаси билан киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида атрофлича маълумот берди. Ногиронлиги бўлган фуқароларнинг асосий ҳуқуқларига оид қатор нормалар белгиланаётгани таъкидланди.


–Янги таҳрирдаги Бош Қомусимизга киритилаётган янги нормалар ногиронлиги бор фуқароларнинг қадрини янада улуғлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда,– деди Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси биринчи ўринбосари Ботир Омонтурдиев.– Жумладан, Янгилинаётган Конституциямизда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланиши ўз ифодасини топмоқда. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши каби қатор нормалар билан мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Республикаси референдумида ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериш ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди. Ногиронлиги бўлган овоз берувчиларга қулай бўлиши учун овоз бериш жараёнларини бинонинг биринчи қаватида ўтказиш, участкаларда пандуслар мавжудлиги, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш орқали референдум ташвиқотини олиб боришда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларини эътиборга олиш, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи овоз берувчи фуқаролар референдум бюллетенида ўз хоҳиш иродасини мустақил ифода эта олиши учун ҳар бир референдум участкасини Брайль алифбосидаги трафарет билан таъминлаш, махсус овоз бериш кабинетларига белги ўрнатиш каби йўналишларда жамоатчилик назоратини олиб бориш тавсия этилди.

Шу куни меҳмонлар Термиз шаҳри ва туманларда бўлиб, референдум ўтказувчи участкаларда ногиронлиги бор шахслар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан участка комиссиялари аъзоларига таклиф ва тавсиялар берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири