Ногиронлиги бор сайловчилар эътиборда
Наманган шаҳридаги 43-сонли умумтаълим мактаби биносида жойлашган 7-сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари аҳолининг фаол иштироки билан бошланди.
Участка комиссияси раиси Наргиза Ҳайитованинг айтишича, сайловда қатнашиш учун Шаршара маҳалласида яшовчи 2 минг 778 фуқаро электрон рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 44 нафари ёш сайловчилар, 1 минг 375 нафари хотин-қиз, 123 нафари ногиронлиги бор ҳамда жисмоний имконияти чекланган фуқарони ташкил этади.

Хусусан, эшитиш ва кўришда нуқсони бўлган кишиларнинг ҳам сиёсий жараёнлардаги тўлақонли иштирокини таъминлаш мақсадида кўзи ожиз кишилар учун Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган брайл алифбосидаги бюллетенлар тақдим қилинмоқда.

Участка комиссияси аъзолари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази масъул ходими Машҳура Саттихўжаева “Шаршара” МФЙ, Маърифат кўчасидаги кўпқаватли 35-уйдаги хонадонларда якка-ёлғиз истиқомат қилувчи Кўзи ожизлар жамияти Наманган вилояти бўлими аъзолари Бахтиёр Абдувалиев ва Каримахон Узоқованинг яшаш манзилига борди.

– Ёшим ўттизда. Ҳозиргача Президент сайловлари ва Референдумда қатнашганман. Парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар мен учун тўртинчи сиёсий тадбир. Вилоят Кўзи ожизлар жамияти аъзоси сифатида эътироф этишим керак, юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас. Бунинг яна бир исботини сайлов жараёнларида фуқароларнинг Конституцион ҳуқуқларини амалга оширишда барча қатламдаги аҳоли вакилларининг манфаатларига аҳамият қаратилаётганида намоён бўлмоқда, – дейди биринчи гуруҳ ногирони Тоҳиржон Жамбулов. – Биз каби имконияти чекланган инсонлар мамлакатимизда инсон қадри улуғланаётганидан беҳад мамнунмиз. Участкада овоз беришимиз учун алоҳида шарт-шароитлар яратилган. Комиссия аъзолари берган брайл алифбоси бюллетенидан фойдаланган ҳолда, келгуси беш йилда Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун садоқат билан хизмат қилишга қодир, ўзим муносиб билган номзодларга ишонч билдирдим.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.