Ногиронлиги бор кишилар фонд эътиборида
Мамлакатимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури ижроси доирасида ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, жумладан, Наманган вилояти бўлими томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида фонд томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга 121 электрон юритувдаги ногиронлик аравачаси, 12 эшитиш мосламаси, 4 қўлтиқтаёқ ва 2 ҳасса, жами 143 мослама беминнат топширилди. Қайд этиш жоиз, вилоят ҳокимлиги, Давлат активлари агентлигининг амалий ёрдами ҳамда ҳомийлигида 121 электрон юритувдаги ногиронлик аравачаси олинди ва уларни вилоятдаги ҳар бир шаҳар ва тумандаги 8-10 нафардан 15-30 ёшлиларга топширилди.

– Очиғи, ногиронлиги бўлганларнинг кўнгли яримта бўлиб қоларкан. Кейинги вақтда саломатлигим ёмонлашиб, юриш-ҳаракатланишда қийинчиликларга дуч келдим, – дейди Поп туманидаги Ултарма маҳалласида яшовчи Аломатхон Отахонова. – На қўшнилар, на қариндошлар билан дийдорлашиш имконияти бўлмади. “Маҳалла” фонди томонидан ногиронлик аравачаси берилди. Президентимиз 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном беришлари бежизга эмаслигини ҳис қилдим.


Таъкидлаш жоиз, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг оилаларига имкон қадар кўпроқ ёрдам кўрсатиш мақсадида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Ногирон шахсларни зарур дори-дармонлар, тиббий анжомлар ва бошқа реабилитация воситалари билан таъминлашга кўмаклашиш” мавзусидаги грант танловида иштирок этиб, олинган маблағлар ҳисобидан вилоятнинг шаҳар ва туманларида алоҳида эътиборга муҳтож бўлган ногиронлиги бор кишиларга зарурий ёрдам кўрсатилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА