Бухоро шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономарказида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш: мавжуд имкониятлар ва хорижий тажриба” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш халқаро форуми доирасида ўтказилган тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов маъруза қилди.Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотга кўра, бугун дунёда 1 миллиарддан ортиқ одам ногиронликдан азият чекмоқда. Бу дунё аҳолисининг тахминан 15 фоизини ташкил этади. Сурункали касалликларнинг кучайиши ва қарилик сабаб уларнинг сони тобора ортмоқда. Ўзбекистонда ҳам бундай шахслар сони кам эмас. Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жалб қилиш, жамиятдаги но тенглик муаммоси эса ҳар доимгидек долзарб бўлиб қолмоқда.
Республика Тиббий меҳнат эксперт комиссиялари маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 790 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар расман рўйхатга олинган. Уларнинг 62 фоизи қишлоқ жойларда яшовчилар, 45 фоизини аёллар ташкил этади. Ногиронлиги бўлган шахслардан 123,9 минг нафари 16 ёшгача бўлган болалар, 666,3 минг нафардан ортиғи 16 ёшдан катталар, ҳамда 201,7 мингдан ортиғи пенсия ёшидагилардир. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг Тиббий меҳнат эксперт комиссиялари маълумотига кўра, 248,2 минг нафардан зиёди меҳнат фаолиятига лаёқатли, шундан 46,7 минг нафари ёки бор-йўғи 18,8 фоизи банд бўлса, бу кўрсаткич, жами ногиронлиги бўлган шахслар сони 790 мингга нисбатан атиги 5,9 фоизини ташкил этади.
[gallery-7309]
Нега ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлик даражаси бунчалик паст. Сабабларини таҳлил қилганимизда, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат ташкилотлари ва хусусий секторнинг потенциал ходимлари эмас, балки асосан хайрия ва реабилитация ёрдамини олувчилар сифатида қараш сақланиб қолмоқда. Жамиятимиздаги салбий стереотиплар ва нотўғри қарашлар, иш берувчилар томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат кўникмалари, қобилиятлари ва истеъдодларига ишонч йўқлиги, шунингдек, очиқ меҳнат бозорида кўп учрайдиган ногиронлик белгиси бўйича камситиш ҳали ҳам мавжуд. Аксарият, иш берувчиларда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш ва уларга шароит яратиш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш борасида корпоратив маданият етарли даражада эмас. Бугун мана шу каби муаммоларга дуч келяпмиз. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларни моддий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш тизими етарли даражада йўлга қўйилмаган.
Афсуски, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришда фойдаланиладиган, ҳокимликлар қарори билан захираланадиган иш ўринларидан фойдаланиш даражаси ҳам талаб даражасида эмас. “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунда иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва иш ўринларини захирага қўйиш тартиби белгиланган. Корхона ва ташкилотларда ишлаётган ходимлар тоифаси таҳлил қилинганда, штат бирлиги 20 тадан ортиқ бўлган 2 миллион 615 минг нафар ходимлар ишловчи 17 минг 30 та корхона ва ташкилотларда 36,1 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар ишлаётганлиги маълум бўлди.
Қонун талабига асосан, ушбу корхоналарда жами штат сонининг 3 фоизида яъни 78 минг 470 та иш ўринларида ногиронлиги бўлган шахслар ишлаши лозим бўлса, бизда яна қўшимча равишда 42 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш имконияти мавжуд.
Бундан ташқари, охирги 2 йил ичида ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича 2 та инструмент жорий этилди.
Биринчиси, хусусий тадбиркорлик субъектларига иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратилиши бўлса, иккинчиси ижтимоий муҳтож аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга — ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида ҳақ тўлаш жорий этилди.
2022 йилнинг бошидан ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш, уларни касб-ҳунарга ўқитишга бўлган эътибор мутлақо янги поғонага чиқди. Давлат раҳбарининг ушбу масалаларни амалий ечимини топишга қаратилган қатор муҳим қарорлари қабул қилинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарори қабул қилинди.
Бир сўз билан айтганда, Меҳнат кодексида ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнати ҳуқуқи ва муҳофазаси билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам тартибга солинмоқда.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА