Ногиронлиги бўлган шахсларни навбат асосида реабилитация қилиш ва протезлаш марказларига йўллаш тартиби белгиланди
Адлия вазирлиги 2026 йил 13 ноябрь куни ногиронлиги бўлган шахсларни навбат асосида реабилитация қилиш ва протезлаш марказларига йўллаш тартиби тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.
Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахслар реабилитация марказларига “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали электрон тарзда, навбат асосида йўлланади. Навбат эса марказлардаги бўш ўринлар ҳисобга олинган ҳолда автоматик шакллантирилади.
Йўлланма олиш учун ногиронлиги бўлган шахс ёки унинг қонуний вакили Ягона интерактив давлат хизматлари портали, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, ижтимоий ходимлар орқали ёхуд бевосита оилавий шифокорга мурожаат қилади ҳамда хизматни ҳудудий ёки миллий марказда, амбулатор ёхуд стационар шароитда олишни ўзи танлайди.
Сўровномани кўриб чиқиш, йўлланма бериш ҳамда реабилитация хизматлари бепул амалга оширилади.
Оилавий шифокор 5 иш куни ичида тиббий кўрик ўтказиб, шахсда 569 та тиббий кўрсатмадан бирортаси мавжудлиги ва 26 та қарши тиббий кўрсатма мавжуд эмаслигини аниқлаган тақдирда йўлланмани электрон шаклда шакллантиради.
Реабилитация хизматлари ногиронлик муддатига қараб амбулатор шароитда йилига 2-3 марта, стационар шароитда эса йилига 1-2 марта кўрсатилади.
Ариза берувчи навбат ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин ҳамда навбат келишидан 10 кун олдин СМС-хабарнома орқали огоҳлантирилади.
ЎзА