Ногиронлиги бўлган шахслар ўқитилди
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 2023 йилда “Ногиронлиги бўлган ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида касб-ҳунарга ўргатиш ва спорт тўгаракларини ташкил қилиш” мавзусида эълон қилган 3-очиқ грант танловида Ўзбекистон ногиронлар жамияти Бухоро тумани ҳудудий бўлинмаси 60 миллион сўм грант маблағини қўлга киритди.
–Грант лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар амалга оширилди, – дейди Ўзбекистон ногиронлар жамияти Бухоро тумани ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ҳамид Ғаниев. –Жумладан, туманда яшовчи ҳунарманд ногиронлардан 30 нафари мономарказларда ўқитилиб, уларга сертификатлар берилди. Заргарлик, тўқувчилик, тикувчилик, сартарошлик, пишириқчилик, нонвойлик, пойафзал таъмирловчи, автосервис йўналиши бўйича ҳунарманд ногиронлар ўз фаолиятини кенгайтирди. Оилавий даромадларини янада ошириш имконияти туғилди. Улар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотларини аҳолига сотиш мақсадида кўргазма савдо павильони ташкил қилинди.
Грант маблағлари ҳисобига мазкур лойиҳа доирасидаги ишлар давом эттирилади. Хусусан, мономарказда ўқиган ҳунарманд ногиронларни уй шароитида доимий иш билан таъминлаш мақсадида улар асбоб-ускуна билан таъминланади. Шунингдек, спортчи ногиронлар учун шахмат-шашка, теннис ва аремрестлинг спорт турлари бўйича тўгараклар ташкил этилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири