Ногиронлиги бўлган шахслар доимо эътиборда
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими Халқаро ногиронлар куни муносабати билан вилоятдаги ногиронлиги бўлган 60 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари ва кийим-кечак совға қилди.
Фонд масъуллари ногиронлиги бўлган шахсларнинг хонадонларига бориб, уларнинг яшаш шароитларини кўздан кечирди, муаммо ва дардларини эшитди.

– Аслида ҳавас қиладиган нарса эмас, лекин кўзим ожизлиги ҳамда ҳаракатланишим қийинлиги сабабли ногиронлик аравачасига эҳтиёж туғилганди, – дейди Самарқанд шаҳар Ҳумо маҳалласида яшовчи 66 ёшли Аълам Эшонқулов. – Давлатимизнинг бу эътиборидан хурсанд бўлдим.

Маълумотларга кўра, жорий йилда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд шаҳар бўлинмаси қошида ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” жамғармасидан катталар ва болалар учун ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, юриш мосламаси харид қилиш учун 127,4 миллион сўм маблағлар йўналтирилди.


Бундай хайрия тадбирлари фонднинг ҳудудий бўлинмалари томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида амалга оширилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири